Атамбаев марҳум Ислом Каримовни яна танқид қилди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ўз нутқларида қўшни давлат раҳбарлари билан дўстона муносабатда экани, бироқ Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовга нисбатан хусумати бўлганини яширмайди.

Якшанба куни Бишкекдаги “Форум” биноси ҳовлисида Ақси воқеасида қурбон бўлганларни ёдга олиш маросимида нутқ сўзлаган собиқ президент Атамбаев давлат армияси унинг даврида юксалганини, унгача эса хароб аҳволда бўлганини таъкидлади.

“Биласизлар, Атамбаев президент бўлиб келганда армия қандай аҳволда эди, кетаётганда қандай ўзгарди. Аскарларни кийган мундир, кўйлак ва шимигача пул топиб, тикдириб бериб кетдим”, деди у.

У, шунингдек, давлатни бошқарган олти йиллик даврида қўшни Ўзбекистон билан ҳам чегара масаласида зиддиятлар бўлганини айтар экан, марҳум президент Ислом Каримовни тилга олди.

“Гаубица, Залпового огня” системалари, бошқа нарсаларни айтмай қўяверай. Уларни очиқ жўнатаётган эдим. Олабуқага қоронғида олиб борай деганди, мен кундузи олиб боринглар деб айтдим. Каримовни агентлари ҳам кўрсин, билсин, жавоб берамиз деб”, сирни очиқлаган бўлди собиқ президент.

2016 йилнинг 18 март куни Қирғизистоннинг Олабуқа ва Ўзбекистоннинг Чортоқ туманлари ўртасидаги баҳсли ҳудудга Ўзбекистон 40 нафарча аскар ва ҳарбий техника киритган.

Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Атамбаев Ўзбекистон ўз қўшинларини баҳсли ҳудуддан олиб чиқиб кетмаса, Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига бормаслиги шартини қўйган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистонга туташ баҳсли ҳудудга олиб кирган аскарлари ва ҳарбий техникаси икки тарафлама музокаралар ортидан 26-март куни эрталаб чиқарилган.

Атамбаев хотира тадбирида йиғилганларга Каримов 2016 йили нега аскарларини икки марта Қирғизистон ҳудудига киргизгани ҳақида савол қўяр экан, унга мухолифатдаги баъзи шахслар Ўзбекистон фойдасига ишлагани билан жавоб бергандай бўлди ва улардан бири қўшни давлат айғоқчиси эканини даъво қилди.

“У нимага 2016 йилнинг март ва август ойларида “Чаласарт” ва “Унгар-Тоғ”га аскарларини киргизди? Сабаби Қирғизистон ичидаги бешинчи колоннага ишонган. “Халқ қурултойи” деган номи бор эди. Бундай номи бўлса ҳам, халқ учун ишламай, билибми ё билмайми, қўшни давлатга ишлаган. Раҳбарларининг бири қўшни давлатнинг агенти. Нотўғри айтсам, мана хавфсизлик хизматининг офицерларини қайтадан сўроққа чақирсин. Барча ҳужжатлар бор”, дея урғулади Атамбаев.

У Қирғизистоннинг армияси 2017-йилгача Ўзбекистон аскарларига қаршилик кўрсатишга заиф бўлгани, ҳақиқий армия фақат ўша йилнинг баҳоридагина пайдо бўлгани, бу ҳақда унга ўша пайтдаги республиканинг қуролли кучлари раҳбари Райимберди Дуйшенбиев айтганини қўшимча қилди.

2016 йилнинг 22 августида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туманидаги Унгар-Тоғ ҳудудига кутилмаганда Ўзбекистоннинг 20га яқин милиционерлари кириб келган ва қирғизистонлик тўрт кишини олиб кетган.

Унгар-Тоғ чўққисида “Кербен-24” радио-релейли станция жойлашган. Унда Ақси, Олабуқа, Чотқол туманларига эфир сигналларини таратувчи станциялар қурилган. Мазкур станцияда ишлаган тўрт ходим 8 сентябрда озод қилинган.

Икки тарафлама музокаралар натижасида 18 сентябрда Ўзбекистон ўз милиция ходимларини Унгар-Тоғдан олиб чиқиб кетганди.

Каримов-Атамбаев муносабатларининг совуқлашуви

2013 йилнинг сентябрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида қатнашиш учун Бишкекка келган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Алмазбек Атамбаев Ўш воқеалари пайтидаги кўмаги учун миннатдорчилик билдирган.

“2010 йилда алангани тезда ўчиришда бизга ёрдам берганингизни ҳаммамиз яхши эслаймиз. Қирғизистон ва қирғизистонликлар буни ҳеч қачон ёддан чиқармайди, деб ўйлайман” деган эди Атамбаев.

Аммо, афтидан дўстона алоқада бўлган икки давлат раҳбарлари 2015 йилнинг майида Москвада ўтказилган МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий йиғилишида Иккинчи Жаҳон Урушида халқларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари юзасидан тортишган.

Қирғизистон Президенти Атамбаевнинг йиғилишдаги фикрларини Каримов танқид остига олган.

Шу воқеадан сўнг президентлар муносабати ёмонлашгани кузатилган. Атамбаев ўз нутқларида бир неча маротаба ҳамкасби Каримовни Қирғизистонни сиқувга олишда айблаган.

Каримовнинг дафн маросимига бормаган Атамбаев мухолифатчилар танқидига жавоб бераётиб, Ўзбекистон президентини “Қари диктатор” деб атаганди.

“Қўшни давлат Қирғизистоннинг бутун жанубига газни ўчириб қўйди. Хархаша туфайли. Ўшанда парламентимиздаги бизнинг сиёсатчилар президент Атамбаев қариб қолган диктатор ҳузурига таъзим қилиб бориш керак, газ бериши учун оёғига бош уриб, кечирим сўрасин деди. Сабаби аввалари доим шундай бўлган. Акаев, Бакиев таъзим қилиб боришган ва ерларимизни беришган. Арзимаган пулга бизнинг миллий бойликларимизни беришди. Қирғизистон манфаатларига ҳиёнат қилишди”, – деган эди ўша пайтдаги президент Атамбаев жаҳл билан.

Шоҳруҳ Соипов

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak. Gerekli alanlar * ile işaretlenmişlerdir