Диндорлар, мусулмонлар энди нима қилишсин?

Қўшни Қирғизистонда диний эътиқодидан келиб чиқиб, эмлашдан бош тортаётган мусулмонларнинг сони ортиб бормоқда. Бу Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатларига нимаси билан хавф солиши мумкин?

Агар, имконли бўлган рақамларга таянилса, ўтган икки йил ичида мамлакатда ўз фарзандларини эмлатишдан воз кечган инсонларнинг сони қарийб 60 фоизга ортган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил бу рақамлар етти мингдан ортиқроқ кишини ташкил этган.

Одамлар ўз қарорларининг асосий сабаби ўлароқ диний эътиқодларини келтиришган.

Қирғизистонда мамлакат аҳолисининг 80 фоиздан ортиқроғи мусулмон саналади.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Қирғизистон мусулмонлари Диний бошқармаси Уламолар кенгаши махсус фатво билан чиққан.

Кенгашнинг 5 апрел кунги фатвосида мамлакат мусулмонларининг таркибида чўчқа ва Ислом динида ҳаром деб билинган бошқа унсурлар бўлмаган эмликларни олишлари мумкинлиги айтилган.

Аммо, худди шунинг баробарида, бу хусусдаги фатвода ўзлари ёки болаларини эмлатиш ёки йўқлиги масаласида танлов ҳар бир инсоннинг ўз ихтиёрида қолдирилган.

“Эмлик ва эмлатишлар борасида фикрлар якдил эмаслиги боис, биз эмлатиш ҳар бир кишининг ўз ихтиёридаги иш бўлиши кераклигини қўллаб-қувватлаймиз”, – дея қайд этилган.

Ўшликлар

Эмликлар

Фатвода таъкидланишича, мусулмон диндорлар Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг текширувидан ўтган ва хавфсиз экани Ғарб олимлари томонидан исботланган эмликларни олишлари мумкин.

Лекин, ўз ўрнида, худди шу фатво матнининг ўзида хасталикдан даволанишнинг бошқа муқобил чораси бўлмагани ва мутахассислар инсоннинг айни шу эмлик орқали тузалиши мумкинлигига кафолат бера олган тақдирларидагина, бу ишга бориш мумкинлиги ҳам алоҳида урғуланади.

Уламолар кенгаши фатвосининг айни шу нуқтаси эса, унинг мусулмонларга, барибир, эмликлар ва эмлатиш масаласида ягона ва якдил жавоб бермаганига оид фикрларга ҳам етакламай қўймаган.

Агар, ўзлари ёки болаларини эмлатишдан бош тортаётган маҳаллий мусулмонларнинг иддаоларига таянилса, мамлакатда эмликларнинг таркибини текшириб, аниқ хулоса берадиган лаборатория йўқ.

Шундай экан, унинг ўзлари учун ҳалол эканини қаердан билишсин.

Қирғизистонлик тиббиёт мулозимларига кўра эса, улар ҳали эмликни сотиб олишдан аввал унинг таркиби билан қизиқиб кўришади.

Ҳамда ўзи ёки боласини эмлатишдан олдин билиш, танишишни истаган ҳар бир фуқарога бу хусусдаги маълумотни тақдим этишга тайёрлар.

Ўшликлар

Аммо, Бишкекдаги Би-би-си мухбирининг айтишича, шунда ҳам расмий ишонтиришлар фақат эмликларнинг таркибининг инсонлар саломатлиги учун зарарсиз эканини кўзда тутади, аммо уларнинг, таъбир жоиз, “ҳалол” ёки “ҳаром эканини эмас.

Аммо айни ўринда ҳам, мусулмонлар таъбирида, таркиби “ҳаром” бўлган ёки “ҳалол” бўлмаган эмликдан бошқа муқобили бўлмаганида, эътиқодли диндорлар қаршисида қандай танлов қолиши масаласи масъуллар томонидан очиқланмаган.

Фатвода эса, пайғамбар Муҳаммад(С.А.В)нинг сўзларига таяниб, “дардни берган давосини ҳам беради”, шу боис ҳам, “даволанинг”, дейилади.

Лекин, бошқа томондан, Қирғизистонда, дунёвий қонунчиликка ҳам мувофиқ, вакцинация ихтиёрий саналади.

Бишкекдаги мухбирларимизга кўра, сўнгги йилларда айнан диний эътиқодидан келиб чиқиб, ўзи ёки боласини эмлатишдан бош тортаётган инсонлар сонининг кескин ортиб бораётгани қирғизистонлик тиббиёт масъулларини барибир диний бошқарма билан ҳамкорликка ундаган.

Масъуллар бошқарма Уламолар кенгаши фатвоси кўмагида эътиқодли мусулмонларни имкон даражада бу ишга ундашга ҳаракат қилиб кўришган.

Фатво ва мусулмонлар

Ўшликлар

Фатво эълон қилинишидан қарийб бир ҳафта ўтиб маълум бўлишича, у мамлакат аҳолиси орасида бир хилда қарши олинмаган.

Агар, Қирғизистондаги мустақил журналист Шоҳруҳ Соиповнинг сўзларига таянилса, ҳамма мусулмонлар ҳам янги фатво бизга қўл келди-да, деган фикрда эмас.

Маҳаллий аҳоли орасида энди Уламолар кенгаши томонидан ҳам вакцинация масаласида сўнгги сўзнинг одамларнинг ўзларига берилиши мамлакатда турли юқумли хасталикларнинг тарқалиб кетишига олиб келади, деган хавотирда бўлганлар ҳам талайгина.

Журналист суҳбатдошимизнинг ўз кузатувларига таяниб айтишича, худди шу боис ҳам, янги фатво хусусида қирғизистонликларнинг фикрларини тенг иккига бўлинган, деб айтиш мумкин.

Айнан уламолар фатвосига амал қилишга келганда эса, унга кўра, Қирғизистон қарийб олти миллионли аҳолисининг ярмидан кўпроғини бунга мойил, деб айтса бўлади.

“Агар, мисол учун, диний томондан бу мумкин эмас ёки бўлмаса, медицина томондан ҳам инсон ҳаёти учун хавфли, деган маълумотим бўлганида, бунга мен мутлақ қарши бўлган бўлардим-да. Лекин (вакциналарнинг – таҳр.) зиёни бор-йўқлиги ҳақида, ёки диний томондан тақиқланганми-тақиқланмаганми, бу ҳақда маълумотга эга эмасман, шунинг учун ҳам ҳозир мен бу мавзу ҳақида бир фикр билдира олмайман-да”, – дейди Қирғизистондан тўрт боланинг отаси Дилшодбек Токурбаев.

Унинг айтишича, вакцинация жараёнига на-да хайрихоҳ ва на-да қарши, аммо болаларининг барчасини эмлатган.

Ўшликлар

Қирғизистонлик бошқа бир суҳбатдошимиз беш фарзанднинг онаси 58 ёшли Зайнабхон Ибайдуллаева.

Суҳбатдошимизга кўра, болалари ҳали Совет даврида дунёга келгани ва ўша пайтда бу иш шарт, деб кўрилгани боис, уларни лозим бўлган барча хасталикларга қарши эмлатган.

“Аммо ҳозир набираларимни эмлатишга қўрқиб турибмиз”, – дейди у.

“Ҳар ерлардан эшитдик, эмлатишлар натижасида СПИД (ОИТС)лар юқди қанчадир болаларга, деб. Мисол учун, битта қўшнимиз боласига прививка олиб келиб, ажраб қолди гўдагидан. Шунақа нарсаларни эшитганимиздан кейин, энди бу прививканинг натижаси шунақа бўлаяпти, ёмон ҳолатларга олиб келаяпти, деб қўрқаяпмиз. Қилдирмадик невараларга”, – дейди у.

“Мен болаларимга прививка олмайман. Сабаби – бугунги кунда дори-дармонларга ишонч йўқ”, – дейди 2 фарзанднинг онаси 30 ёшли Назокат Абдукаримова.

“Эмликларнинг таркиби ҳам аниқ эмас. Ҳаттоки, врачларнинг ўзлари ҳам билишмайди”, – дейди бу суҳбатдош.

Назокатнинг айтишича, шифокорлардан бу ҳақда сўрашса, ўзларига бирор бир тушунтириш ҳам беришмайди.

Маълум бўлишича, у икки боласини ҳам шу ёшгача эмлатмаган.

“Болаларим, Худога шукр, ҳозир соғлом. Мен ҳам прививка ҳақида турли жойлардан маълумотлар оламан. Исломий тарафдан ҳам ҳамма дориларни истеъмол қилиб бўлмайди”, – дейди у.

Бу суҳбатдошимизнинг нуқтаи назарича, “бола туғилиши билан унга бирор бир прививка қилинмаса, у умри давомида дориларга муҳтож бўлмайди”.

“Чунки Аллоҳ одамзодга иммунитет берган. У ўзини ҳимоя қила олади”, – дейди Назокат.

Минтақа ва акс-садолар

Қирғизистон Ўзбекистон чегараси

Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан маълум бўлишича, Қирғизистонда қизамиқ, сил, фалаж дохил болалар жорий пайтда 11 та юқумли хасталикка қарши эмланишади.

Уларнинг орасида ҳозир ҳатто Америка Қўшма Штатлари тарқалишини олдини олишга ожиз қолаётгани хабар берилган қизамиқ каби юқумли хасталиклар ҳам бор.

Дунёвий Қирғизистонда болаларини эмлатиш масаласида сўнгги ихтиёрнинг мамлакат уламолари томонидан ҳам барибир ота-оналар – оддий инсонларнинг ўз ихтиёрларига берилишига биз – Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашган ўзбекистонлик шифокорлар ҳам ўта таажжуб билан муносабат билдиришди.

“Биз ҳақиқатда битта жўғрофий ҳудудда яшаймиз. Қуда-андалар бор ҳаммада. Мана, чегарадан ўтиб, қайтади. Ўзимнинг қариндошларим бор Қирғизистондан, мана. Бу инфекциялар нафақат бу Қирғизистон, Ўзбекистон, Худо кўрсатмасин, битта шунақанги инфекция чиқса, ҳамма жойга тарқалиб кетади. Бу, энди, ҳеч бўлмаган нарса”, – дейди шифокор Неъматжон Бозоров бу янгиликка ўз муносабатини билдираркан.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Қирғизистон СССР парчаланиши ортидан, эмликлар ва эмлатиш масаласи аҳолиси орасида турли зиддиятларга сабаб бўлаётган ягона собиқ Шўро давлати эмаслигини ҳам алоҳида хавотир билан таъкидлаб ўтади.

Унга кўра, ҳатто, ҳозир Россияда ҳам шунақа жойлар, бу каби фикрда бўлган ота-оналар бор.

Эмлашга қарши чиққанлар, болаларини ҳозиргача эмлатмаганларни биз ҳам учратаяпмиз, – дейди асли ўзбекистонлик, аммо ҳозир Россияда фаолият юритувчи шифокор.

“Энди, буларнинг бахтига баъзи бир касалликлар мана, охирги 40-50 йил ичида оммавий эмлаш ҳисобидан мутлақ енгилган. Мана шуларни булар эсидан чиқариб қўйди-да”.

“Шунинг учун ҳам эмликлар ўзи зарар экан, деб ҳозирда баъзилар тушунмаяпти”.

Шоҳруҳ Соипов

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak. Gerekli alanlar * ile işaretlenmişlerdir