Жума хутбалари яна ўзбек тилида ҳам бўляпти

Республика мусулмонлар диний идораси раҳбари Мақсатбек Тўқтўмушев жума хутбаларини қирғиз ёки рус тилларида ўқиш тўғрисида чиқарган буйруғи мусулмонлар орасида турли хил баҳсларга сабаб бўлиши ортидан Ўшга ташриф буюрган. 

Аҳолиси сони жиҳатидан республикада иккинчи ўринни эгаллаган ўзбеклар яшовчи Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги масжидларда уч ҳафтадирки, жума хутбалари қирғиз ва ўзбек тилларида ўқилмоқда. 
Мусулмонлар норозилигига сабаб бўлган буйруғини изоҳлаш учун Ўш вилоятига ташриф буюрган муфтий Мақсатбек Тўқтўмушев махаллий имомлар билан йиғин ўтказиб, ўзбек имомларига ўз тилларида жума хутбаларини ўқишга рухсат берган. 

“Муфтий ўзининг буйруғи атрофида бўлган фитналарни гапирди. – Агар четдан кимдир, масалан покистонлик келиб қирғиз ёки ўзбекчада гапирса ҳамма хурсанд бўлади. Шунга ўхшаб сизлар ҳам ўз хутбаларингизда озгина, икки оғиз қирғизчада гапириб қўйсангизлар, сизларга келаётган қирғизларнинг қалбида илиқлик пайдо бўлади. Бир-бирига бўлган дўстлик, тинчликка ҳисса қўшган бўлармидик деган мақсадда бу буйруқ чиқарилди- деди. Ўзининг сиёсати нима билмадим, шу гаплар гапирилди. Масалан менга маъзур бўлди, яхши. Қирғизча ўрганинглар ҳам демади. Агар ёши улуғ домлаларни ҳисобга олмасак, биз ёшлар эпласак бўлади. Мен ўзим ҳам жума хутбасини 5 дақиқа қирғизча ўқидим, қолганини эса ўзбекчада гапирдим”, – дейди йиғинда иштирок этган ўзбек домлаларидан бири биз билан суҳбатда.

Унинг фикрича, муфтий буйруғига биноан, жума хутбаларида қирғизчада ёзилган ҳадислар ўқилиб, шарҳи эса ўзбекчада гапирилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Муфтий ўтказган ушбу йиғиндан кўп ўтмай, Whatsapp тармоғи орқали дарҳол, “Жума хутбалари қайтадан ўзбекчада бўладикан”, деган хабар тарқала бошлаган.

Шунингдек, турли хил ижтимоий тармоқларда муфтийнинг буйруғига нисбатан ўзбек бўлмаган инсонларнинг муносабатлари ҳам жойлаштирилган. 

Ўз навбатида Қирғизистон Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Мақсатбек Тўқтўмушевнинг буйруғини қўллаганлар ҳам бор. 
Қурмонбек бир неча йилдан бери Ўш шаҳрида яшаб, ишлайди. Унинг фикрича, масжидларда жума хутбаларининг қирғизча ўқилиши, ўзи каби қишлоқда туғилиб, ўсган инсонлар учун тушунарли бўлади. 

“Менинг фикримча, намоз ва хутбаларни қирғизча олиб борса яхши бўлади. Сабаби шаҳарга қишлоқдан келганларнинг кўпчилиги қирғиз тилида бемалол тушунишади. Бошқа тилларда гапирса кўпчилигимиз тушуна олмасдан, қийналиб қолишимиз мумкин. Шаҳардаги ўзбеклар ҳам масалалардаги кўпчилик сўзларни қирғизча айтишади. Агар тўлиқ ўзбекча гапирса тушунмай қолишимиз мумкин”, – дейди суҳбатдош.


Аҳолиси 6 миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда қарийб бир миллион ўзбек яшайди. Республиканинг жанубий Ўш ва Жалолобод вилоятлари аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этади. 

Жойлардаги масжид имомларининг аксарияти ҳам шу миллатга мансуб. 2018 йилнинг сентябр ойидаги расмий маълумотга кўра, бугунги кунда Қирғизистонда 2 минг 647та масжид фаолият олиб боради. 

Шоҳруҳ Соипов

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak. Gerekli alanlar * ile işaretlenmişlerdir