Ўш шаҳри “Турк дунёсининг маданий маркази” мақомини нишонламоқда

Ушбу мақом Ўш шаҳрига 2019 йилнинг сўнгида Истанбул шаҳрида, “Турксой” ташкилотига аъзо давлатларнинг доимий кенгаши қарори билан берилганди.

Мазкур тадбир арафасида шаҳарда илмий конферециялар, марказий майдонда турли миллатнинг урф-одатларини акс этувчи кўргазмалар, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Расмийларни келин саломда кутиб олган ўзбекларнинг карнай ва сурнайи тадбир иштирокчиларининг эътиборини жалб этди. Кўргазмада ўшлик ўзбеклар ҳам ўзларининг миллий либослари, дўппи, махси-ковушларини, шунингдек қўл ҳунармандлик асбобларини ҳам намойиш этди. Миллий театр ёнига тикилган дор ўйини эса шаҳарликларга қувонч бағишлади.

Ҳожарой Қодирова опа 20 йилдирки, Ўш бозорида қиз ва келинлар учун атласдан тикилган миллий либосларни сотади. Уларни аввал матодан ўзи тиккан бўлса, эндиликда, қўшни Ўзбекистондан тайёр ҳолда олиб келади.

“Бу ердан буюртмалар олиб, Ўзбекистонлик дизайнерларга мурожаат қиламиз. Улар тикиб, бизга жўнатишади. Бизда миллий кийимларнинг барча турлари бор. Шунча йилдан бери Алишер Навоий, Бобур, подшоҳ сахна асарлари учун ҳам либослар тайёрлаб берамиз” – дейди суҳбатдошимиз.

У асосан ўзбек миллий либосларининг замонавий услубда тикилганларини Марғилон, Тошкент, Бухоро ва Самарқанддан олиб келади.

Яна бир суҳбатдошимиз, кўргазмада иштирок этаётган Инобатхон опа ўзбек дўпписини тикишни оналаридан ўрганган. Унинг сўзларига кўра, қарийб 20 йил аввал “Сетора” номи билан танилган дўппи Ўшнинг кўрки ҳисобланган.

“Энди бу дўппини тикадиган аёлларимиз қолмади. Авваллари 20-30 нафар аёллар “Сетора” дўпписини тикардик. Ҳозир бу гуллар ўзимизда йўқолиб, Андижоннинг Чусидан олиб келиб, тикаман. 30 йилдан буён дўппи тикаман. Бу менга онамдан қолган ҳунар”, – дея сўзлайди онахон.

Унинг айтишича, сўнги пайтда ўзбек миллий дўпписи ўрнига, виллур матохли дўппилар оммабоп бўлиб бормоқда. Уларни асосан ёши улуғлар, оқсоқоллар енгиллиги ва кирчимоллиги сабаб кийишади.

Ўшга хос “Сетора” гулли ўзбек эркаклари дўпписи бўлгани каби, бир неча йиллардан бери махаллий косиблар ҳам ўзига хос эркак ва аёллар учун махсилар тикиб, сотадилар. Мамадалиев Суҳбатилло ака ҳам, 1990 йиллар бошида давлат корхонасида косиблик билан шуғулланишни бошлаган. Совет Иттифоқи парчалангандан кейин эса, унинг қарамоғидаги давлатлар мустақиллика эришиши ортидан кўплаган давлат корхоналари ёпилган ва ишчилари ҳусусий тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаган. Улар қаторида суҳбатдошимиз ҳам.

“Ошланган сигир териларини Бишкекдан олиб келиб, Ўшда тикамиз. Ўзбекистон терисига солиштирганда, бизники соф бўлади, краска сепилмайди. Ичи эса митис қўйнинг жунидан тайёрланади. Бу ҳам Бишкекда ошланади, энг тозаси ҳисобланади. Ҳаридор боп, сифатли бўлади”, – дейди косиб суҳбатдошимиз.

Махаллий косиблар тиккан махсилар бозорда 15 доллардан бошлаб 100 долларгача сотилади. Улар махсулотларини шаҳар яшовчиларидан ташқари, Россия ва бошқа давлатларга ҳам олиб кетишади.

Шоҳруҳ Соипов

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak. Gerekli alanlar * ile işaretlenmişlerdir