Қамоқдаги Алмазбек Атамбаев очликни тўхтатди

Адолатсиз бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин ўтказилган норозилик намойиши иштирокчилари тарафидан Оқ уйни ишғол қилиниши ортидан, қамоқдаги сиёсатчилар қатори Алмазбек Атамбаев ҳам озод қилинган эди. Бироқ, орадан икки кун ўтиб, собиқ президент яна қамоққа қайтарилган.  

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, бугун қамоқдаги очлигини тўхтатган. Унинг адвокати Замир Жоошевнинг махаллий матбуотга маълум қилишича, ҳимоясидаги инсон Жазони ижро этиш хизмати раҳбарияти илтимосига биноан очликни тўхтатган. 

“Алмазбек Атамбаев даволанишга муҳтож. У ўзини, биринчи сон тергов ҳибсхонасидан, 47-сон қамоқхонасига ўтказишни талаб қилган”, дейди адвокат.

Собиқ давлат раҳбари ўтган йилнинг августида ҳибсга олинганидан бери Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди. У 26 октябрь куни Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига кўчирилган.

Адвокатга кўра, Атамбаев ўлимга маҳкум этилганлар сақланган ертўла камерасига киргизилган.

«Камерада узоқ вақтдан бери ҳеч ким сақланмаган, у ерга фақат бугун иситиш ёқилган. Канализация тизими ишламаяпти, камеранинг эшиклари доимо очиқ. Шу сабабдан Алмазбек Атамбаев норозилик сифатида очлик эълон қилди», деган адвокат Замир Жоошев.

Қирғизистон Жазони ижро этиш хизмати адвокатнинг сўзларини рад этиб, Атамбаев ўтирган камерада барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлайди. Махбус тергов ҳибсхонасига келгандан сўнг, прафилактик ишлар олиб борилиб, умумий режимдаги камерага жойлаштирилган.

“Биринчи сон тергов ҳибсхонаси марказлаштирилган иситиш тизимига, канализацияга уланган бўлиб, барча камералар ёпилган ва муассаса ходимлари назоратида. Камералар, ўрнатилган видеокамералар ёрдамида марказий идорадан 24 соат давомида онлайн кузатиб турилади”, дейилади идора баёнотида.

Жорий йилнинг июн ойида Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди, Алмазбек Атамбаевни “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний озод қилиниши бўйича айбдор деб топиб, уни 11 йилу икки ойлик қамоқ жазоси ҳукм қилган. Шунингдек, мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан ҳам маҳрум қилинган.

Август ойида Бишкек шаҳар суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Жорий йилнинг 6-октабрга ўтар кечаси Бишкекда юз берган тартибсизликлар пайтида, намойишчилар томонидан қамоқдаги қатор сиёсатчилар билан биргаликда, собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам озод қилинган. Бироқ орадан икки кун ўтиб, у Қўй -Тошдаги уйида ҳибсга олинган ва қамоққа қайтарилган.

Қамоққа қайтинглар

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси намойишчилар қамоқдан озод этганларни ихтиёрий равишда ортга қайтиш, акс ҳолда қатъий чораларга юз тутишлари билан огоҳлантириб келади.

5 октябрь куни намойишчилар ҳукумат биносини эгаллаб олиб, қамоқдан озод этганлар орасида порахўрликда айбланган собиқ Бош вазир Сапар Исақов ва Бишкек шаҳрининг собиқ ҳокими Албек Ибраимовлар ҳам бор.

Ҳозир икковлоннинг қаердалиги номаълум. Уларга қидирув эълон қилиниб, қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

Хавфсизлик идорасининг маълумотига кўра, қамоқдан озод қилинган «Электр станциялари» очиқ хиссадорлик ташкилотининг раҳбари Салайдин Авазов 11 октябрь куни қайта қўлга олинган.

Собиқ раҳбар Бишкекдаги иссиқлик электр марказидаги порахўрлик бўйича судланиб, 11 йилу уч ойга қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Шунингдек, айни шу электр марказидаги порахўрлик иши бўйича 14 йилга ҳукм қилиниб, бироқ 6 октябрь куни қамоқдан намойишчилар озод қилган «Миллий энергохолдинг» компаниясининг собиқ раҳбари Ойбек Қалиев 12 октябрь куни қамоқхонага ўз ихтиёри билан қайтиб келган.

Порахўрликда айбланиб, 15 ярим йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган, собиқ Бош вазир Жанторо Сатибалдиев ҳам, 12 октябр куни колонияга қайтиб келган ва юрак хасталиги сабаб, касалхонага ётқизилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ