Ўшликлар расмийлардан У.Омурзақовни озод қилишни сўрамоқда

Ўтган хафта ҳибсга олинган Улуқбек Омурзақов озод қилиниши керак. Бу ҳақда 18-ноябр куни Акипрессда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўнга яқин ўшликлар маълум қилди.

Шаҳар яшовчиси Рашидхон Хўджаев, Омурзақовлар оиласини яқиндан танишини, Улуқбек Омурзақов ноқонуний ишларга аралашмаслигини урғулайди.

“Садир Жапаров Ўшга келиб, аҳоли билан учрашганда, мен Улуқбек Омурзақовга қарши шикоятлар борлигини эшитиб ҳайрон бўлдим. Биз уларнинг оиласини яхши биламиз. Айрим одамларнинг гапларидан кейин уни ҳибсга олиш бироз нотўғри бўлди. Сиздан Улуқбек Омурзақовни уй қамоғига чиқаришингизни илтимос қиламиз», – дейди Рашидхон Хўджаев.

Ўшлик Мажит Абдумажитовнинг сўзларига кўра, Омурзақовлар оиласи миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган.

Беделбай Маматов ҳам расмийлардан Омурзақовни уй қамоғига чиқаришни сўрайди.

“Мен Омурзақовлар оиласини яхши биламан. Ҳозир Улуқбек Омурзақов Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сақланаяпти экан. Уни уй қамоғига чиқариб, терговни давом эттирса ҳам бўлади деб ўйлайман. Ишни адолатли текшириб, масалани ижобий ҳал қилишингизни сўрайман», – дейди Беделбай Маматов.

12-ноябр куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Порахўрликка қарши курашиш хизмати, Ўш вилояти прокуратурасининг катта прокурори Улуқбек Омурзақовни ҳибсга олган.

Хавфсизлик қўмитасининг хабарига кўра, Улуқбек Омурзақов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айбловларини текшириш учун тузилган идоралараро тергов гуруҳи томонидан ҳибсга олинган.

Шунингдек, конни эгаллаб олишга алоқадор ва Улуқбек Омурзақовнинг яқин шериклари дейилган 4 одам ҳам ҳибсга олинган.

Бунга, 3-ноябр куни президент вазифасини бажарувчи Бош вазир Садир Жапаровнинг Ўшда аҳоли билан учрашуви пайтида, Канназар Идирисов исмли шахснинг Омурзақов устидан шикоят қилгани сабаб бўлган.  

Дастлабки маълумотларга кўра, «Муҳаммад Умар» спорт клубининг ходимлари бўлган бир гуруҳ одамлар, шу йилнинг январ ойида «Жолчирак» МЧЖ кўмир конига кириб, ишчиларни карьердан ҳайдаб чиқаришган. Кейин ускуналарни тортиб олишиб, ноқонуний равишда кўмир қазиб олишган ва жами 82 миллион сўмлик кўмир сотишган. Бироқ, ижтимоий ва солиқларни тўламаганлар. Шунингдек, маҳаллий ҳокимиятнинг ноқонуний кўмир қазиб олиш ва сотишни тўхтатиш тўғрисидаги огоҳлантиришлари ва талабларини эътиборсиз қолдирган.

Бугунги кунда, мазкур холат юзасидан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, ИИВ ва Бош прокуратура ходимларидан иборат идоралараро тергов гуруҳи томонидан тергов олиб борилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ