Душанбеда Тожикистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари давлат чегара чизиғини аниқлаш масалаларини муҳокама қилдилар

Тожикистон ва Қирғизистон ТИВлари ўртасида Қирғизистондаги воқеалардан кейин биринчи музокаралар Душанбеда бўлиб ўтди. Сирожиддин Мухриддин ва Руслан Казакбаевнинг уч соатлик учрашуви икки мамлакат ТИВлари ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг имзоланиши билан якунланди.

Музокаралар олдидан Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин делегациялар икки томонлама сиёсий мулоқотнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилишларини айтди. “Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу масала кўп йиллар давомида ҳал қилинмай келмоқда, бу бизни яқин келажакда ўзаро мақбул ечим топишга мажбур қилади“, — дея таъкидлади Муҳриддин.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев ушбу лавозимга тайинланганидан кейин биринчи ишчи ташриф билан Тожикистонга келди. Журналистларга берган интервьюсида у Қирғизистонда вазият тинч ва барқарор эканлигини айтди. Вазирнинг сўзларига кўра, Қирғизистон расмийлари ўзларининг халқаро мажбуриятларига содиқдирлар ва барча икки томонлама ва кўп томонлама келишувларни амалга оширадилар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, томонлар икки томонлама сиёсий мулоқотни ривожлантириш учун «томонлар давлатлараро мувофиқлаштириш кенгаши, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ва ташқи ишлар вазирлари кенгаши каби зарур ўзаро таъсир механизмларига эга эканлигини» таъкидладилар.

Томонлар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича фикр алмашдилар, транспорт ва трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилдилар. Савдо, ўзаро инвестиция фаолиятини янада ривожлантириш ва транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича шошилинч чоралар кўришга келишиб олинди.

Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласи қандай муҳокама қилинганлиги ва қандайдир дастлабки келишувларга эришилганлиги тўғрисида хабар берилмаган.

Таҳлилчи Абдумалик Қодиров Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг Душанбеда амалий ташрифини давлатлараро муҳим масалаларни ҳал қилишда фойдали деб билади. Унинг сўзларига кўра, Руслан Казакбаевнинг ташрифи Қирғизистонда 10 январь куни бўлиб ўтадиган президент сайловларига тайёргарлик кўриш учун қилинган. «Қирғизистоннинг янги раҳбарияти қисқа вақт ичида мамлакат учун муҳим ва долзарб масалаларни, шу жумладан қўшни давлатлар билан чегара можароларини ҳал қилишга қодирлигини кўрсатиши керак», — деди таҳлилчи.

Тожикистон — Қирғизистон чегарасидаги вазият олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб қолмоқда. Давлат чегарасидаги сўнгги ҳодиса 25 октябрь куни Тожикистоннинг Исфара вилояти Чоркух қишлоқ кенгашининг Хўжай Ало қишлоғи яқинида содир бўлган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, улар Мулломалик шаҳрида эски сув қувурларини алмаштираётганда, қирғиз чегарачилари қурол билан таҳдид қилиб, ишни тўхтатишни талаб қилишган. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази 25-30 нафар қуролланган қирғиз чегарачилари тожикистонлик фуқароларнинг иш жойи баҳсли ҳудуд эканлигини айтиб, аҳолига қарата ўқ отишганини хабар қилди. «Шуни таъкидлаш керакки, ушбу қисм Тожикистон ҳудудидир ва Қирғизистон чегарачиларининг навбатдаги провокацияси икки мамлакат чегарасидаги вазиятни оғирлаштиришга қаратилган», дейилади Тожикистон чегара қўшинлари матбуот марказининг НИАТ Ховар томонидан эълон қилинган баёнотида.

Айни пайтда Қирғизистон Давлат чегара хизмати Тожикистон фуқаролари баҳсли ҳудудда бўлганлиги ва қирғиз чегарачилари ҳавога қарата ўқ узгани ҳақида хабар беришди.

Қирғиз — тожик чегарасининг узунлиги 970 км дан ошади, шундан 450 километрдан кўпроғи ҳали делимитация ва демаркация қилинмаган. Чегаранинг ноаниқ чизиғи чегара пунктларида тез-тез келиб чиқадиган тўқнашувларнинг сабаби — ер, сув, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ