Боткенда Ўзбекистон томонидан қурилган юқумли касалликлар шифохонаси очилди

Бугун, 22-декабрь куни Қадамжой туманида Ўзбекистон кўмаги билан қурилган 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари Мунарбек Насиров ушбу ташаббус қирғиз-ўзбек қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаганини таъкидлаб, боткенликлар номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ва ўзбек халқига миннатдорлик билдирди. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев ушбу хавфли касалликка қарши курашда яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегация иштирок этди ва шифохонани Боткен аҳолисига топширди.

Модулли биноларга эга бўлган енгил, икки биноли шифохона бир ойдан кам вақт ичида қуриб битказилди ва тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилди. Касалхона зарур тиббий жиҳозлар ва мебеллар билан тўлиқ жиҳозланган, беморлар учун барча шароитлар яратилган.

Аввалроқ, 19-ноябрь куни Қадамжой туманида Ўзбекистон кўмаги билан 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши бошлангани ҳақида хабар берилган эди.

Маълум қилинишича, қурилиш учун модулли иншоотларни (контейнерларни) олиб келган Ҳуснитдин Хасилов бошчилигидаги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ делегациясини Қизил-Қиядаги темир йўл станциясида ҳукуматнинг Боткен шаҳридаги мухтор вакили Жанибек Жалолов кутиб олган эди. Касалхона учун мослаштирилган 40 та контейнер темир йўл орқали олиб келинган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ