Чегарадаги тўқнашувда вафот этган Ҳусниддин Ҳожиев дафн этилди

Боткенда қирғиз-тожик чегарасидаги отишмада ҳалок бўлган қирғизистонлик аскар Ҳуснидин Ҳожиев, 10 июл куни туғилган жойи Лайлак туманидаги Бешкент қишлоғида дафн этилди.

27 ёшида отиб ўлдирилган Ҳуснидин Ҳожиевнинг орқасида ҳомиладор рафиқаси ва икки яшар ўғли қолган.

Президент Садир Жапаров, Ҳуснидин Ҳожиевнинг оиласига ҳамдардлик билдириб,  уларга Боткен шаҳридан 82 кв метр ҳажмда қурилаётган янги уйдан берилишини айтган.

8 июл куни Лайлак туманининг Кўк-Жайлоо (Чашмагилдан довони) ҳудудида қирғиз ва тожик чегарачилари орасида отишма юз берган. Қўшни давлат чегарачилари халок бўлган Ҳуснидин Ҳожиев жасади ва прапоршик Умаровни Тожикистонга олиб кириб кетган. Икки тараф музокараларидан кейин тожик томони, 9 июл куни Ҳуснидин Ҳожиев жасадини, 10 июл куни эса прапоршик Умаровни Қирғизистонга берган.

Қирғизистон томони воқеада тожик чегарачиларини айблайди. Тожикистон миллий “Ховар” ахборот агентлиги тожик чегарачиларига иқтибос келтирган ҳолда, ушбу воқеа Қирғизистон чегарачиларининг ноқонуний равишда Тожикистонга ўтишга уриниши натижасида содир бўлганлигини ёзган.

Қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашувлар тез-тез юз беради. Жорий йилнинг 28 апрелидан 1 майига қадар давом этган сўнгги қуролли можарода Қирғизистон томонида 36 киши, жумладан икки бола ҳалок бўлган. 180 дан ортиқ одам жароҳат олган. Тожикистон томонида эса 19 киши ҳалок бўлиб, 87 киши яраланган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 километрни ташкил қилади. Ундан 519 километри аниқланган, қолганлари эса бахсли ҳудуд ҳисобланади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ