“Дўстлик” чегарасидаги бошоломонлик

Ўш яқинидаги “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегарасида такси ҳайдовчилари ўзбекистонликларни қўполлик билан ўз машиналарига ўтиришга мажбурлаб, оддий таксичилардан анча қимматроқ аэропортга элтиб қўймоқда.

«Кеча ўзим гувоҳ бўлдим. Чегара дарвозаси ёнида турарканман, у ердан Ўзбекистондан келаётган фуқаролар чиқиб келаяпти. Улар қатори икки ўзбекистонлик ҳам қўлларида сумка кўтариб чиқди. Бирдан такси ҳайдовчиси уларни тўхтатиб, қўполлик билан ўзи билан кетишини айтди. Унга ўзбекистонликлар таниши олиб кетишини тушунтирди. Такси ҳайдовчиси эса уларга ортидан боришини буюриб, такси майдончасига қараб йўл олди. Мен ҳам уларнинг ортидан кузатиб бордим. Ўзбекистонликлар йўл-йўлакай танишига қўнғироқ қилар, бироқ қўнғироғи жавобсиз қоларди. Такси ҳайдовчиси ўзбекистонликларни қўли билан туртиб машинасига ўтиришни талаб қилди.Мен ундан нима қиляпсан, деб сўрадим. Ўзбекистонликлар танишимиз олиб кетади, деб айтишаётганини эшитмадингми, дедим ва уларни тинч қўйишини талаб қилдим.Таксичи мен билан тортиша бошлади, гўёки ўзбекистонликлар унинг машинасида кетишга ваъда берган. Мен унга, мехмонлар ҳеч нарса ваъда қилмаганини, ўзим уларнинг суҳбатини кузатиб турганимни, аксинча, таксичи ўзи уларни мишинасида кетишга мажбур қилганини айтдим. Шу пайт ёнимга яна иккита такси ҳайдовчиси келиб, уларнинг ишларига аралашмаслигимни айтишди. Мен уларга ҳам вазиятни тушунтирдим ва қилаётган ишлари нотўғри, улар бизнинг меҳмонларимиз эканини, уйга қайтгач, улар биз ҳақимизда, одамлар ва мамлакатимиз ҳақида нотўғри фикрда бўлишларини айтдим. Бу ерда мамлакатимизнинг обрўси муҳим эканини тушунтирдим. Таксичи Россияга ўзбекистонликлар биз орқали эмас, ўзларидан учиши кераклигини айтиб ғудуради.

Шу пайт менга яна бир такси ҳайдовчиси келиб, бақириб, таҳдид қила бошлади. Мен шахсий хавфсизлигим учун бу жойни тарк этишга мажбур бўлдим ва бу ҳақда чегарадаги милиция ходимига хабар бердим. Ундан чегарада тартиб ўрнатиш ва меҳмонлар хавфсизлигини таъминлашни сўрадим. Милиция ходими илтимосимни бажаришга  ваъда берди.

Бу холат биринчи марта эмас. Бир неча ой аввал шаҳарда ишлайдиган таксичи танишим менга қўнғироқ қилиб, ўзбекистонлик дўстини кутиб олиш учун чегарага борганида, у ердаги таксичилар таксофонини олиб қўйишганини айтди. Унинг сўзларига кўра, машинани чегара яқинида тўхтатиб, дўстини кутиб турган. Шу пайт унинг олдига такси ҳайдовчилари келиб, бу уларнинг жойи эканини айтиб, бу ердан кетишни талаб қилишган. У қўшни давлатдан дўстини кутаётганини айтган. Танишим меҳмонини кутиб олиб, машинасига яқинлашгач, таксофони ғойиб бўлганини кўрган. Таксичилардан сўраса, ҳеч ким кўрмаганини айтган. Танишим мехмонини чегарадан олиб кетаётиб, менга қўнғироқ қилган. Иккаламиз воқеа жойига бордик ва бўлган воқеани у ердаги милиция ходимига айтдик. Яхшиямки, безорилар таксофонни милицияга топширишган экан. Кейин улар бизга беришди.

Бундан аввал ҳам танишларим меҳмонларини кутиб олиш учун чегарага борганларида у ердаги такси ҳайдовчилари қўрқитиб, бу ердан кетишга мажбурлаб ёки мехмонларини олиб кетишга халақит қилганликларини айтишган.

Ўш аэропортида ҳам худди шундай аҳвол. Таксичилар ўзбекистонликларни ўз машиналарига мажбурлаб ўтирғизиб, аэропортдан чегарагача олиб кетишади ва оддий таксичилардан икки-уч баравар қиммат нархни айтишади.

2018 йилда депутат Жанар Акаев парламентда аэропортдаги порахўрлик ва таксичиларнинг ўзбошимчаликлари масаласини кўтарган эди. Унинг айтишича, Ўш аэропортида чегарачилар қўшни давлат фуқароларини қўрқитиб, чегарадан ўтиш учун пул талаб қилмоқда. У қирғиз-ўзбек чегарасидан аэропортгача автобуслар ташкил этилганига қарамай, такси ҳайдовчилари автобус ҳайдовчиларини қўрқитиб, йўловчиларни олиб кетишаётганидан ғазабланган.

Депутатнинг бу баёнотидан сўнг такси ҳайдовчиларига сариқ жилетлар берилган ва маълум вақт аэропортдаги вазият ижобий томонга ўзгарган. Афсуски, кейин тартибсизлик яна давом этган.

Ўтган йилнинг август ойида ўзбекистонлик блогерлардан бири президент Садир Жапаровга ПЦР тестлари бўйича чегарадаги порахўрлик ҳақида видеомурожаат қилган. Шундан сўнг Қирғизистон чегара хизмати “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктида журналистлар учун пресс-тур ташкил этиб, чегарачилар порасиз ишлаётганига ишонтирмоқчи бўлган.

Орадан бир ярим ой ўтиб Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти мансабдор шахслари қўлга олингани ҳақида хабар берган. Чегара хизматининг алоҳида раҳбарлари ҳомийлигида улар чегарадан ўтаётган қўшни давлат фуқароларидан тизимли равишда пул ундиришгани маълум бўлган.

Икки йил аввал “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти яқинида, ўзини ҳужжатларни текшириш бўйича ваколатли органлар вакиллари деб таништирган шахслар Ўзбекистонга қайтаётган фуқароларнинг паспортини телефонига суратга олиб, суратларни шерикларига жўнатган. Шериклари эса мобил қурилмалар, телефонларнинг ИМЕЙ кодларини паспорт эгалари номларига рўйхатдан ўтказган. Табиийки, чегарада паспортларни суратга олганларга маълум миқдорда ҳақ тўланган.

Кейинроқ Ўзбекистонда мобил қурилмалар, телефонларнинг ИМЕЙ кодларини учинчи шахсларнинг паспортларига ноқонуний қайд этиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган. Яъни, буюртмачилар Ўзбекистонда, ижрочилар эса Қирғизистонда бўлган.

Чегарада тартиб ўрнатилиши керак. Кўплаб Ўзбекистон фуқаролари Россияга Ўш халқаро аеропорти орқали учади, чунки бизда чипталар арзон. Қўшни давлат фуқаролари пулларини бизда қолдиришмоқда. Аэропорт ва чегаранинг ҳамма жойида видеокамералар ўрнатилиши, уларни тегишли идоралар назорат қилиши керак.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ