Энг қадимий шаҳарлардан бири Ўш ҳақида

Ўш 3000 йиллик тарихга эга қадимий шаҳар. Эрамиздан аввалги IV -аср. – э.а. V -асрларда шаҳар Шарқ ва Ғарбни бирлаштирган Буюк Ипак йўлидаги муҳим шаҳарга айланди. IX–X-асрларда эса Ўш – Фарғона водийсидаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлиб ҳисобланган.

 

Шаҳар девор билан ўралган бўлиб унинг учта дарвозаси бўлган; Дарвоза-и Кўҳ (Тоғ дарвозаси), Дарвоза-и Об (Сув дарвозаси) ва Дарвоза-йи Муккада (Оташпарастлар ибодатхонаси дарвозаси) мавжуд бўлган. Мақдусий 966-йилда ёзилган «Ахсанут-Тақосим» асарида «Ўш кўплаб дарёларга ва турли хил хусусиятларга эга шаҳар бўлиб ҳисобланади. Ҳавоси тоза ва мўл-кўлчилик бор. Жомеъ Масжиди бозорларнинг марказида жойлашган. Тоғ яқинидаги бой жой бўлиб суви жуда кўп. Бу ердаги катта рибат(ҳарбий гарнизон жойлашган) га ҳар хил табақадаги одамлар ташриф буюришади », – дея шаҳардаги диний вазият ҳақида бебаҳо маълумотларни ёзади.

 

XIII асрнинг бошларида Ўш шаҳри Чингизхон қўшини томонидан вайрон қилинган. XIII асрнинг сўнги ва XIV аср бошларида яшаган машҳур тарихичи Жамол Қарший ўзининг «Китоб-ус-Суроҳ Мин ас-Сиҳоҳ» номли асарида Ўш шаҳри ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: «Ўш шаҳри табаррук шаҳар, шаҳарда иккита кичик тоғлар бор: Баракуҳ ва Ҳанаф. Барокуҳ тоғи атрофида покдил ва солиҳ кишиларнинг қабрлари жойлашган. Баъзилар  Довуд ўғли Сулаймоннинг вазири Осаф ибн Бурҳиё мақбараси бор дейди, Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин ”. XIV аср охирида Амир Темур империясига, кейинчалик Бобурийларга тегишли эди. Бобурийлар сулоласининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобур-Нома асарида Ўш ҳақида ва бу ердаги фаолияти, шунингдек Сулаймон тоғидаги ҳужраси ҳақидаги хотираларини ёзиб қолдирган (1496-98) . XVII асрда шаҳарга қалмоқлар тез-тез ҳужум қилиб, талон-тарож қилиб турарди. 1762 Қўқон хони Эрдонабий шаҳарни ўз тасарруфига олган.

 

Ўш атрофидаги қишлоқлари билан биргаликда хонликнинг маъмурий-ҳудудий тизимида  марказий вилоятга бўйсунган бекликнинг, XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўш вилоятининг маркази бўлган. 1876 ​​йилда Туркистон генерал губернаторликнинг Фарғона вилоятининг Ўш уездининг маркази бўлган. 1924-йилдан округ маркази, 1926-йилдан кантон маркази, 1928-йилдан туман, 1939-йилдан вилоят маркази бўлган.

 

Шаҳарда Осаф Ибн Бурхиё мақбараси (13-аср), Равот Абдулла хоннинг масжиди (16-17-асрлар), Олимбек Датҳо масжиди (19-аср), Муҳаммад Юсуф Бойхўжа-ўғлининг (13-аср) масжиди қурилган. Шунингдек бошқа 30 дан ортиқ ёдгорликлар 20-асрда қайта тикланган.

1906 – 1908. Маннергеймнинг Осиё экспедицияси. Ўш бозорида пичоқ чархланмоқда

Ўш шаҳрида э.ав. IV-V асрларга тегишли Мирзолимтепа, Чаёнтепа, Ўттизадир қадимий қалъалари, Мади, Кўргошинтепа, Оқ-Буйра, Шалтактепа, Шурабашат, Қуршаб, Бўритепа, Дўнгбулоқ, Деҳқон ва бошқа қалъаларнинг қолдиқлари сақланиб қолган. 2000-йилнинг октябрь ойида Ўш шаҳрининг 3000 йиллиги нишонланган. Шаҳар ҳақидаги дастлабки маълумотлар араб манбаларида IX асрда қайд этилган.

 

Ўш Фарғона водийсининг ғарбий қисмида, денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда жойлашган. Бишкекдан Ўшгача бўлган масофа тахминан 730 км. Аҳолиси 200,5 минг киши.

Ўш Сулаймон-Тоғ ва Оқ-Буйра билан машҳур. Қирғизистоннинг «иккинчи пойтахти» деб ҳам номланади.

Шерматова Каримахон

 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ