Июнь воқеаларини текширишда холислик бўладими?

Бу иш шу қадар мураккаб ва кенг қамровлики, бу ҳақда гапиришга ҳали бироз эртароқдек кўринади.

Қирғизистонда бир ватқлар юқори лавозимларни эгаллаб турган уч собиқ амалдорга 2010 йилнинг июнь воқеалари бўйича айблов эълон қилинди. Улар – 2010 йилги Муваққат ҳукумат таркибида Давлат миллий хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Кенешбек Дуйшебаев, собиқ Мудофаа вазири Исмаил Исақов ва Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов.

Дуйшебаевнинг “Кактус-Медиа” нашрига берган маълумотида айтилишича, у терговда мамлакатдан ташқарига чиқмаслик ҳақида тилхат бериб чиққан. Унга «Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш» моддаси билан айб қўйилган. У Муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзоларига айблов эълон қилинадими, йўқми, билмайди.

“Фақат мухолафатдаги шахсларгагина айблов қўйиляпти. Лекин мен ҳам Исмаил Исаков ва Бектур Асанов каби айбимга иқрор бўлмайман”, деган у.

Яқинда Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеалар бўйича тергов ниҳоясига етиб, иш судга ўтказиб берилиши ҳақида расмий хабар берилган эди.

Терговда кўплаган собиқ ва амалдаги расмий шахслар терговга чақирилди. Жумладан президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам гувоҳ сифатида Бош прокуратурага сўроқ бериб чиқишди. Ўз лавозимида ўтирган давлат раҳбарининг сўроқ қилиниши Қирғизистон тарихида бўлган эмас.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида президент Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига 2010 йилда Қирғизистон жанубида юз берган миллатлараро низо ва оммавий тартибсизликлар бўйича ишни қайтадан кўриб чиқишни топширган эди.

Расмий маълумотда қайд этилишича, Қирғизистон Жиноят кодексининг 304-моддаси («Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш») билан 2010 йилнинг апрелида тузилган собиқ Муваққат ҳукуматдаги бир қатор мансабдор шахсларга нисбатан “Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашиш факти бўйича” иш қўзғатилган.

Ҳозирги ҳокимият айнан ушбу ҳаракатни 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида, Ўш ва Жалолобод вилоятларида фожиали оқибатларга олиб келган асосий сабаблардан бири деб ҳисоблайди.

Расмий маълумотларга кўра, беш юзга яқин одамнинг ёстиғини қуритган, минглаб одамлар ярадор бўлган, яна минглаб фуқароларнинг бошпанасиз қолишича, юз минглаб одамларнинг давлат ташқариси ва ичкарисига қочишига сабаб бўлган “Ўш воқеаларини” қайта текшириш ташаббуси жамиятда турлича фикрларни пайдо қилди. Жумладан, бу суриштирув ва суднинг адолатли бўлишига шубҳа билдирганлар бор.

Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг собиқ раҳбари Азиза Абдирасулова июн воқеалари пайтида айнан мамлакат жанубида бўлиб, кўплаган ишларга шахсан гувоҳ бўлган. Бу ташкилот биринчи бўлиб қурбон бўлганларнинг аниқ рўйхатини тузиб, очиқ эълон қилган. Бундан ташқари ташкилот қонли воқеалар пайтида давлат органлари, жумладан ҳарбийлар тутган ҳатти-ҳаракатларга оид махсус ҳисобот ҳам чоп этган.

Азиза Абдирасулова “июн воқеалари” бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш ташаббусини қўллайди, “агар холис ўрганилса”. Бироқ у, “бугунги ҳукумат ҳам, умуман қирғиз ҳукумати бу ишни 30-50 йилда ҳам адолатли кўриб чиқишига ишонмайди”.

“Беш мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. Ҳар бир иш ичида эпизодлари бор. Масалан, бир кишининг уйи куйган. Уйининг ичидаги буюмларни кимлардир ўғирлаб кетган, аёлларни зўрлаган, одам ўлган, оммавий тартибсизликлар каби ўнга яқин эпизодлар бор. Уларни ким ўрганади?” – дея савол ташлайди Абдирасулова. – Июн воқеалари ўз вақтида холис тергов қилиниб, адолатли баҳо берилмадими, энди ҳозир уни қайта очиб, ўтганлар руҳини қўзғаб, яқинларини ҳам безовта қилишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман”.

Аслида ҳуқуқ ҳимоячиси бу ишларни қайта кўриб чиқилишига қарши бўлмасада, кимдир бу ишларни охирига чиқара олиши даргумон деб ҳисоблайди.

“Чунки, икки мингга яқин уй, бинолар куйиб кетган. Уларнинг 98 фоизи ўзбекларга тегишли бўлган…”, дейди Азиза Абдирасулова.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилнинг 10-13 июнида юз берган қонли тўқнашувлар натижасида 442 киши ўлган, 50 киши дом-дараксиз йўқолган. “Қилим шами” ташкилотининг 2010 йилнинг декабридаги маълумотига кўра, ўлганларнинг 74 фоиз ўзбеклар, 25 фоизи қирғизлар ва 1 фоизи бошқа миллат вакиллари бўлган. Кейинроқ бедарак кетганлар суд қарори билан ўлганлар қаторига қўшилгач, ўлганларнинг 71 фоизи ўзбеклар, 28 фоизи қирғизлар бўлиб ўзгарган. Сабаби, дараксиз йўқолганларнинг 95 фоизини қирғизлар ташкил қилган.

Ўш ва Жалолобод шаҳар ва вилоятларида 3746 бинога, асосан хусусий уйларга ўт қўйилган. Умумий моддий зарар 80 млн. долларни ташкил этган.

Оммавий тартибсизликлар бўйича 5 мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилиб, 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва 8 фуқаро бошқа миллатлар вакиллари бўлишган.

Ҳокимият адолатли бўлганини даъво қилиб келган

Мамлакатда юз берган навбатдаги қуролли тўнтаришдан кейин 2010 йилнинг апрелида Муваққат ҳукумат раҳбари бўлиб, кейинчалик референдум орқали муваққат президент этиб сайланган Роза Отунбаева “июн воқеалари” бўйича ўтган суд жараёнларида ўзбекларга нисбатан камситиш бўлганини рад этган. Унинг 2010 йилда айтган сўзларига кўра, жиноий жавобгарликка ўзбекларлардан бошқа миллат вакиллари ҳам тортилган.

“Жалолобод вилоятида 30 нафар ўзбек ва 22 нафар қирғизлар, Ўш вилоятида эса 100та ўзбек ва 9та қирғиз жавобгарликка тортилган. Ўш вилоятидаги катта фарқ камситиш тушунчасига таъсир қилган кўринади. Лекин шуни айтмоқчиманки, бу ерда ҳеч қандай камситиш ҳақида гап йўқ”, – деган эди Роза Отунбаева.

Таҳририятдан: Отунбаеванинг бу сўзларини изоҳлар экан, Марказий Осиё бўйича таниқли таҳлилчи ва журналист, ўша пайтда Москвада бир неча тилда чиқувчи “Московские новости” газетасининг мухбири, Отунбаева билан шахсан бир неча бор учрашган марҳум Санобар Шерматова давлат раҳбарининг ўша пайтда бошқа иложи бўлмаганини эътироф этган.

“Миллатчилик оммавий турда авж олиб турган пайтда Отунбаева миллий камситиш бўлганини очиқ тан ола олмас эди, – деган эди биз билан суҳбатда Санобар Шерматова. – Лекин эътибор берсангиз, у ўз сўзида 100 нафар ўзбек ва 9 қирғиз жавобгарликка тортилганини қайд этди. Ақли бор одам буни тушуниб олади”.

Халқаро инсон ҳуқуқлари такшилотлари жабрланганларнинг аксарияти ўзбеклар бўлгани ҳолда, ҳодисалардан сўнг бошланган ҳибсга олишлар ва маҳкама жараёнларида асосан ўзбекларнинг нишонга олинганини қоралаб келишган. Ҳодисаларга алоқадорликда айбланиб, жавобгарликка тортилганлар ўзларининг қаттиқ қийноқларга олинганидан шикоят қилишган.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида ҳалок бўлганларнинг

295 нафарини ўзбеклар, 123 нафарини қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июн воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.

Судланганларга келсак, 53 одам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улардан икки нафари қирғиз бўлса, 51 нафари ўзбек миллатига мансуб. Улардан 5 киши, жумладан Азимжон Асқаров ҳам қамоқхонада вафот этди. Бугунги кунда умрбод қамоқ жазосини ўтаётганлар 44 кишини ташкил қилади.

Холис ташкилотларнинг хулосалари

Қирғизистон жанубидаги қонли этник низолардан кейин ярим йил ўтиб, Amnesty International – «Халқаро Амнистия» халқаро ташкилоти давлат расмийларидан «ҳақиқатни тиклаш ва минглаб қурбонлар учун адолат ўрнатиш»ни талаб қилган. «Халқаро амнистия» ҳозирга қадар «қирғиз ҳукумати можаро ҳақида бир тарафлама ва нохолис ёндашувларни бартараф эта олмади», деб эътироф этади.

Ушбу халқаро ташкилот ўзининг «Ярим ҳақиқат ва танланган адолат: 2010 йил июн воқеалари оқибатлари» деб номланган ҳисоботида Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлар пайтида инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

«Халқаро Амнистия» шунингдек мазкур можаро ва унинг оқибатлари юзасидан ўтказилган ҳукумат текширувларининг холислигини шубҳа остига олувчи қатор саволларни қўйган.

Ўш ва Жалолободдаги этник низони ўрганган Халқаро мустақил комиссия ўз текширувлари ортидан эълон қилган ҳисоботида 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли зўравонликларни уруш жиноятлари ёки қатлиом (геноцид) сирасига киритмаслигини баён қилган. Аммо агар маҳкамада тўлиқ тасдиғини топса, 11-13 июн кунлари Ўш шаҳрининг айрим маҳаллаларида уюштирилган муайан ҳужумларни инсониятга қарши жиноят сирасига киритиш мумкинлигини қайд этган.

Халқаро комиссия, бундан ташқари, июн ойидаги воқеалар чоғида бошқа кўплаб жиноятлар ҳам содир этилган, инсон ҳуқуқларига оид халқаро қонунлар жиддий оёқости қилинган ҳоллар юз берганлигини ҳам маълум қилган. Комиссия суриштирув жараёнида ҳар икки томондан ҳам номусга тегиш ва жинсий зўравонликларнинг бошқа шаклларига оид даъволарни қўлга киритганини ҳам маълум қилган.

Баён қилинишича, текшириш хулосалари 750 дан ортиқ гувоҳлар билан суҳбат, 700 та ҳужжат, 5000 га яқин фотосурат ва 1000 та видеолавҳалар асосида чиқарилган.

Халқаро мустақил ҳайъат ўз ўрнида, жиноий тергов жараёнларини олиб бориш ваколатига эга бўлмагани ва ҳужжатлаштирилган жиноятларга масъул бўлган шахсларни аниқлаш мавқеида ҳам бўлмаганини айтади. Лекин бу йўлда қирғизистонлик масъуллар томонидан барча имкониятлар ишга солиниши муҳимлигини алоҳида урғулаган.

Ўзаро айбловлардан кечиб, бирлашиш даври келди

“Қилим шами” ташкилотининг асосчиси ва собиқ раҳбари Азиза Абдирасулованинг фикрича, давлат “июн воқеалари” бўйича айбланиб, қамоқда жазо муддатини ўтаётганларни авф этиш керак.

“Менинг фикримча, ҳозир умуммиллий амнистия эълон қилиш лозим. “Биз – бир давлат фуқароларимиз. Ярашамиз. Биз – бир элмиз” каби бирлаштирувчи ғоя керак. “Сен айбдорсан, мен айбсизман” дегандан фойда йўқ. Орадан 12 йил ўтди. Бундай қилсак, яна узоқ вақт юраверамиз, бир-биримизни айблаб”, дейди Азиза Абдирасулова.

Бу ҳақда авваллари ҳам ташаббуслар кўтарилган. Жумладан, 5 йилча аввал бир гуруҳ қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб жамоатчи фаоллар афви умумий эълон қилиб, “Ўш воқеалари” бўйича қамалганларнинг барчасини озод қилиш таклифи билан чиққан. Лекин расмийлар бунга расмий жавоб беришмаган.

Афви умумий эълон қилиш тарафдорларининг фикрича, бу иш мамлакатда барча бири-бирини кечирганлигининг, энди бундан буёғига тинч-тотув яшаш тарафдори эканлигининг рамзи бўлиб қолиши керак.

“Ўша воқеаларда айбланиб, ўн йилгача муддатга қамалганлар муддатини ўтаб, озодликка чиқишди. Уларнинг орасида айби тўла исботланмаган фуқаролар кўп. Лекин улар шунга ҳам шукр қилиб яшашмоқда”, – дейди афви умумий тарафдорларидан бири, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумўмин Мамараимов. – Афсуски, эркинлик бахтига етмай, қамоқхонада вафот этганлар ҳам бор. Ҳозир қамоқда қолаётган ўнлаб умрбод қамалганлар орасида ҳам айби қонуний йўл билан тўла исботланмаган шахслар етарли. Уларнинг озодликка чиқиши адолатли бўлган бўларди”.

Мамараимов шунингдек, жиноий иш қўзғатилгани ёки шундай эҳтимоллик борлиги туфайли ватанига қайта олмай юрган ўнлаб ўзбеклар ҳам борлигини эслатади. Чунки қонли воқеалардан сўнг ҳам бир неча йил давомида чет элдан уйига қайтган ўзбеклар турли важ билан ҳибсга олиниб, катта пул эвазига эркинликка чиқарилган ҳоллар бўлган.

“Афви умумий эълон қилинса, ўша юртдошларимиз ҳам ўз ота-оналари, фарзандлари бағрига қайтган бўлишарди”, – дейди у.

Сиёсий ўч олишми?

Бош прокуратура “июн воқеалари” бўйича таниқли сиёсатчилардан 15 одамнинг сўроққа чақирилганини маълум қилган. Улар ичидан Муваққат ҳукумат аъзолари Омурбек Текебаев, Азимбек Бекназаров, Кенешбек Дуйшобаев, Эмилбек Қаптагаев, Исмаил Исақовлар ва бошқалар бор. Шунингдек, Ўш шаҳрининг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов, Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов ҳам сўроқ қилинган.

Номи қайд этилганларнинг фақат иккитаси – Текебаев ва Бекназаровлар ҳозирда расмий лавозимда (элчи) ишлашяпти. Бу иш доирасида ҳозирча расмий айблов қилинмаган эсада, сиёсий мунозараларда жавобгарликка тортилиши лозим бўлганлар орасида собиқ президент, ҳозирда қамоқда ўтирган Алмазбек Атамбаевнинг номи бор.

Аввалроқ, Бош прокуратурада гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Қамчибек Ташиев сўроқдан чиққандан кейин журналистларга 12 йил аввал юз берган қонли воқеаларда Муваққат ҳукумат аъзолари айбдор эканини айтган.

“Улар жанубда (2010 йилда. – таҳр.) ўз таъсирини ва ҳокимиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, махаллий сепаратистларни қўллаб, уларнинг имкониятларидан фойдаланиш мақсади ортидан миллатлараро тўқнашув келиб чиққан”, деган эди Қамчибек Ташиев. Ташиев Муваққат ҳукумат аъзоларини жавобгарликка тортиш масаласини 2012 йили парламентда, мухолафатдаги фракция раҳбари бўлиб турганда ҳам кўтарган эди.

Бунга жавобан Роза Отунбаева ўтган ишни қайта қўзғашнинг ҳожати йўқ эканини айтиб, ҳатто “уларда ҳам очиб юборишлари мумкин бўлган маълумотлар борлигини” айтган. Жавобга тортилиши мумкин бўлган сиёсатчилар бу жараённи “сиёсий ўч олиш” сифатида баҳоламоқдалар.

Номи бору, ўзи йўқ сепаратизм

Маълумки, қирғиз сиёсатчиларининг айримлари Ўш ва Жалолободда юз берган қонли воқеаларга ўзбеклар орасидаги сепаратизм ғояларини илгари суриш сабаб бўлган деб даъво қилиб келишади. Лекин бу воқеаларни ўрганган Миллий комиссия асосий айбни Қодиржон Ботиров ва унинг тарафдорларига юклаган бўлсада, ўша воқеалар даврида сепаратистлик ҳаракати бўлгани хусусида бирорта далил ёки ишора топа олмаган. Комиссия раҳбари Абдиғани Эркебаев ҳам жанубдаги ўзбекларнинг қандайдир мухториятга интилгани ҳақидаги миш-мишлар бўлганини инкор этган.

“Ботиров Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар тўп-тўп яшаган вилоятларга борган. У ташвиқот олиб бориб, ўзбеклар иштирок этган митингларни уюштирган. 25 дан ортиқ оммавий йиғилишлар ўтган, уларда турли талаблар илгари сурилган, бироқ расман ўзбек етакчиларидан ҳеч бири мухторият бериш ҳақида гапирмаган”, деган эди Абдиғани Эркебаев.

Финландиялик сиёсатчи Киммо Кильюнен раҳбарлигидаги Ўш ва Жалолободда юз берган ҳунрезликларни ўрганиш халқаро комиссияси ҳисоботида ҳам Қирғизистондаги ўзбеклар мухторият талаб қилмаганини таъкидлаган. Комиссия шунингдек, июн ойидаги зўравонликларни апрел воқеаларидан кейинги (7 апрелдаги тўнтариш назарда тутиляпти. – таҳр.) сиёсий вазият қўзғатгани, ўзбек жамоатчилигининг эса айирмачилик кайфиятида бўлмаганини тасдиқлаган. Ўша пайтдаги ҳукумат ва парламент Халқаро комиссиянинг бошқа кўплаб хулосаларидан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Кильюненнинг Қирғизистонга киришини тақиқлаган.

Қолаверса, 2010 йилнинг апрель-май ойларида ва унгача ҳам Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги қирғизистонлик ўзбеклар сепаратизм ғоясини мутлақо инкор қилиб расмий баёнотлар бериб келган. Юу ҳужжатлар маҳаллий ва халқаро нашрларда кенг эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда юз берган, расман инқилоб деб эълон қилинган навбатдаги давлат тўнтаришидан кейин, амалдаги президент Қурманбек Бакиев мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда оиласи ва ака-укалари билан Беларусда яшайди. Ўшанда 14 кишидан иборат сиёсий гуруҳ Муваққат ҳукумат тузиб, ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилган. Улар –  Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбаев, Омурбек Текебаев, Темир Сариев, Азимбек Бекназаров, Исмаил Исақов, Абдуғани Эркебаев, Элмира Ибраимова, Кенешбек Дуйшобаев, Эмилбек Қаптагаев, Болот Шер, Дуйшенкул Чотонов, Иса Омурқулов ва Топчубек Турғуналиевлардир.

Қонли воқеалар пайтида Ўш вилоятини бошқариб турган собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳам 7 апрелда муваққат ҳукумат таркибида бўлган. Бироқ, у Ўш вилояти ҳокими лавозимида ишлаётгани сабабли ҳукумат таркибидан чиққан.

Атамбаевнинг президентлик даврида ҳам Муваққат ҳукумат аъзолари номига айбловлар етарлича айтилган. Лекин ўша пайтдаги бош прокурор Аида Салянова июн воқеалари бўйича Муваққат ҳукумат аъзолари ҳаракатларида жиноят йўқ эканини айтиб чиққан.

Масала фақат Қодиржон Ботировдами?

Таниқли ишбилармон, ўзбек жамоатчилигининг фаол лидерларидан бири, собиқ парламент депутати Қодиржон Ботиров 2010 йилнинг май-июнь ойларида Ўш ва Жалолободда юз берган қонли воқеалар бўйича «миллатлараро низони қўзғаш ва тартибсизликларни уюштириш»да айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қирғиз маҳкамаси унинг кўп миллионлик мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган. Қодиржон Ботиров ўзига қўйилган айбларни қатъиян рад этган ва қирғиз расмийларини ўзига қарашли мол-мулкни ўзлаштириб олишда айблаган. У ҳам қонли воқеаларда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Муваққат ҳукуматини айблаган.

Ботиров 2018 йили Украинанинг Одесса шаҳрида тўсатдан вафот этиб, ўз юртида эҳтимоллиги бўлган иғволар боис Ўзбекистон ҳудудида дафн қилинган.

Бўлиб ўтган фожеанинг сабаб-оқибатларини ҳар томонлама текшириш ва таклифларни ишлаб чиқиш бўйича тузилган Миллий комиссия хулосасида Ботировнинг «иғвогарона роли» алоҳида урғулаб кўрсатилган. Ботировнинг ўзи мамлакатдан ташқарида бўлгани сабаб тергов ва суд жараёнларида иштирок этмаган. У қонли воқеаларгача мамлакатни тарк этган ва 2011 йилда Швециядан бошпана олган эди.

Ботиров интернет тармоқларида ёйинлаган интервьюларида ўзининг айбсиз эканлигини ва Қирғизистон судларига ишонмаслигини айтган. Ўзининг қонли воқеалар олдидан мамлакатдан ташқарига чиқиб кетиши ҳақида эса, бу ишнинг Муваққат ҳукумат раҳбарияти, шахсан Роза Отунбаеванинг илтимосига кўра бўлганини айтиб келган. Отунбаеванинг илтимосини унга Исмаил Исақов шахсан еткизганини ҳам маълум қилган.

Қодиржон Ботиров билан биргаликда воқеаларни уюштирганликда ўшлик Иномжон Абдурасулов, Каромат Абдуллаева ва бошқаларга ҳам сиртдан суд чиқарилиб, улар бугунги кунда Қирғизистондан ташқарида яшашади.

Таҳририятдан: Бу воқеаларга холис баҳо бера оладиган сиёсий куч ҳали майдонга келмаган бўлсада, кутилаётган суд жараёни ҳам анча нарсаларга ойдинлик киритиб, жамиятни ҳақиқатга бир қадам яқинлаштирса ажаб эмас. Қолаверса, Ўзбекистоннинг собиқ президенти, ўша пайтда қуролли тўқнашувнинг бутун минтақага ёйилиб кетишининг олдини олиб қолган марҳум Ислом Каримов ва бошқа кўпчилик экспертлар айтган “учинчи кучлар”, шунингдек, ўша кунларда қўлга олингани баралла эълон қилинган чет эллик снайперлар ва бошқа масалаларга доир саволлар ҳам ўз жавобини кутиб ётибди.    

Азимжон Асқаровнинг иши

Марҳум ҳуқуқбон Азимжон Асқаров, Ўш ва Жалолобод вилоятларида 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеаларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ўзбеклардан бири.

Азимжон Асқаров 2020 йилнинг 25 июлида Бишкекдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида 69 ёшида вафот этган. Тиббий хулосада ўлим «ўпканинг тўлиқ икки томонлама зотилжамга учрагани» ва “нафас олиш етишмовчилиги” натижасида юз бергани айтилган. Бироқ марҳумнинг яқинлари ва ҳамкасблари бу хулосани шубҳа остига олиб, фаолнинг ўлими сабабларини жиддий текширишни талаб қилиб келмоқдалар. Бу масала бўйича суд ва суриштирув ишлари ҳамон ортга сурилиб келмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси, Европа Иттифоқи ва қатор ҳалқаро ташкилотлар ҳамон “июн воқеалари” бўйича айбланиб, ҳибсга олинганлар ноҳақ ва асоссиз узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан хавотир билдириб келадилар. Ноҳақлик қурбонларининг энг ёрқин намояндаси сифатида Азимжон Асқаровнинг номи тез-тез тилга олиб келинади.

Қирғиз маҳкамаси уни ўзи туғилиб ўсган Бозорқўрғон қишлоғидаги оммавий тартибсизликлар ва маҳаллий милиционернинг ўлимига алоқадор деб топган. Қирғизистоннинг барча даражадаги маҳкамалари Азимжон Асқаровни мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишган. Асқаровнинг ўзи ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу жиноий ишнинг туҳматдан иборат экани ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Асқаровдан ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун ўч олганини айтиб келишади.

2016 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаровнинг айби исботланмагани ҳамда унга қарши қийноқлар қўлланганини эътироф этиб, уни зудлик билан озод этиш лозимлиги ҳақида хулоса чиқарган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги раҳбарияти БМТ қарорини ижро этишдан бош тортган. Кейин эса Қирғизистон айнан шу масала сабаб бўлиб, мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритди. Унга кўра энди Қирғизистон  ўзи аъзо бўлган халқаро ҳужжатлар ва ташкилотларнинг қарорларини бажаришга мажбур эмас. Чунки асосий қонуннинг бу борада Қирғизистонга бевосита даҳл қилувчи нормалари олиб ташланди. Лекин вақт ўтиб, ана шу ўзгартиришларни илгари сурган собиқ спикер Омурбек Текебаев ҳам, собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам бошларига иш тушгач, ўша ўзлари инкор этган халқаро ташкилотлардан паноҳ излашга тушдилар.

Асқаров умрининг сўнгги кунлари дунёда коронавирус пандемияси авжига чиққан вақтга тўғри келган. Ўша кунларда унинг соғлиги ёмонлашиб, тана ҳарорати тез-тез кўтарилиб, нафас олиши қийинлашган. Бу ҳақда унинг адвокати Валерьян Ахметов бонг уриб, уни зудлик билан касалхонага ётқизишни талаб қилган. Бироқ Жазоларни ижро этиш давлат хизмати вакили буни инкор қилиб, маҳбуснинг соғлиги жуда яхши экани ҳақида расмий баёнот берган. Камига сурбетлик билан унинг касаллиги ҳақидаги хабарни “ҳуқуқ ҳимоячиларининг навбатдаги грантни олиш учун қилаётган найранглари” деб баҳолаган.

Хуллас, жиддий тиббий ёрдамга муҳтож бўлгани ҳолида ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деб гумон қилинаётган Асқаров касалхонага етказилганда жуда кеч бўлган эди.

Азимжон Асқаровнинг васиятига биноан у Ўзбекистонда, фарзандлари яшаб келаётган Тошкент вилоятидаги Янгибозор шаҳарчаси яқинида дафн этилди.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар ва унинг ҳамкасблари Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан холис текширув ўтказишни, уни ўлимидан кейин бўлса ҳам оқлашни талаб қилиб келишмоқда.

Тарихий вазифа. Навбатдаги президентга мурожаат

Бишкекдаги «Бир Дунё – Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти адвокатлари марҳум ҳуқуқбон Азимжон Асқаровни тергов ва суд жараёнларида ҳимоя қилиб келишган. Ташкилот Азимжон Асқаровнинг ишини холисона қараб чиқиш талаби билан барча президентларга расмий мурожаатлар қилган ва бугунги кунда ҳам Асқаровнинг иши билан шуғулланади.

Ташкилот раҳбари Толеқан Исмаилова, “июн воқеалари” бўйича ишлар қайта кўриб чиқилиши тўғрисидаги маълумотдан кейин президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, марҳум ҳуқуқбон Азимжон Асқаровнинг ишида ҳам адолат қарор топишида ёрдам сўраган.

“Биз сиздан Қирғизистон Конституциясининг кафолатчиси сифатида адолатни тиклашга, Асқаровнинг 47-сон Жазони ўташ муассасасидаги ўлими бўйича мустақил тергов ўтказишга, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси талабларига амал қилиб, ҳуқуқ ҳимоячиси ва виждон тутқунининг номини оқлашга, унинг оиласига товон пули тўлаб беришда ёрдам беришингизни сўраймиз”, дейилади ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг хатида.

Ҳозирча хатга расмий жавоб олинмаганини маълум қилган Толеқан Исмаилова 2010 йилги июн фожеасини ҳар томонлама текшириб, ҳақиқий айбдорларни аниқлаш вақти келди, деб ҳисоблайди.

«Хатолар, бажарилмаган ишлар текширилиши керак. Ҳуқуқ ҳимоячилари 12 йилдан буён айтиб келаяпмиз, адолат бўлмаса, жиноятчилар сиёсатда юраверишади, уларнинг қариндошлари гуллаб-яшнайдилар ва мамлакатда ҳеч қандай ислоҳот бўлмайди. Шунинг учун айтаманки, бу – тарихий вазифа. Бунга диққат-эътибор бериб, қонунга мувофиқ, холис ҳолатда ишлаш керак. Айбдорлар иқрор бўлишлари, қонунга бўйсунишлари, омма олдида кечирим сўрашлари ва тўғри йўлда юришларига вақт келди», дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ