Қирғиз-тожик можароси: Ўзбеклар жабрланганларга ёрдам юбормоқда

Қирғиз-тожик можароси: Ўзбеклар жабрланганларга ёрдам юбормоқда. Имконли бўлган маълумотлар қуролли низода энг кўп Қирғизистон томони жабр кўрганига далолат қилади.

Можарода ҳар икки томондан жами юздан ортиқ уй вайрон бўлган, бизнеслар ва бошқа турли хил объектлар зиён кўрган.

Ҳар икки томон ҳам ҳалича можаро оқибатида етган моддий зиённинг бор кўламига оид расмий маълумотларни очиқлашмаган, ҳануз ўрганиш ва аниқлаш ишлари давом этаётганини айтишган.

Аммо дастлаб эълон қилинган расмий рақамлар можародан энг кўп Қирғизистон томони жабр кўрганига далолат қилади.

Қуролли тўқнашувлар боис, ўн минглаб одам ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган.

Қирғизистон томони можаро сабаб, 40 мингдан ортиқ одам хавфсиз ерга кўчирилганини айтган.

Тожикистон эса, бу каби фуқаролари сонини 15 мингтачага нисбат берган, ҳозирга келиб, уларнинг барчаси ортга қайтганини билдирган.

Можаро глобал коронавирус пандемияси фонида юз бергани билан ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Ижтимоий тармоқларда эвакуация этилганларнинг фавқулодда инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эканликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Масъуллар бу каби хабарларни рад этиб чиқишган, жабрдийдаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини айтишган, вайрон бўлган ва зиён кўрган уйларнинг давлат ҳисобидан шу яқин ойларнинг ўзида қайта тиклаб берилишини ваъда қилишган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Боткенда экан, «Тожикистондан товон пули талаб қилмасликлари, халқ учун уйларни ўз кучлари билан қуришлари, бунинг учун куч ва имкониятлари етарли» эканини ҳам айтган.

Расмийларнинг ваъдалари манзарасида ҳам Қирғизистон ва ҳам Тожикистондан оддий одамларнинг ўзлари ёрдам ташаббуси билан чиқишаётганига оид хабарлар олинган.

Жабрланганлар учун инсонпарварлик ёрдами тўплаш ва юбориш ишлари бутун мамлакат бўйлаб бошланиб кетгани, уларга маҳаллий тадбиркорлар, фаоллар, масжидлар ва миллий маданий марказлар бош қўшишаётгани маълум бўлган.

Ўшдаги Ўзбек миллий маркази ана шундай ташаббускорлардан бири бўлган.

Марказ кеча, 4 май куни Боткендаги можародан талофат кўрган оилаларга ўнга яқин юк машинасида инсонпарварлик ёрдами юборган.

Ўзбек миллий маркази раиси Рашидхон Хаджаевнинг айтишича, ўзбек ишбилармонлари ва оддий одамлар маблағ йиғиб, муҳтожларга керакли нарсаларни сотиб олишган. Шунингдек, ҳудудий қўмиталарнинг раислари ҳам уларнинг ташаббусларини қўллашган.

«Биринчи навбатда, дори-дармонлар, шахсий гигиена воситалари, совун ва ювиш воситалари, бир марталик идиш-товоқлар, болалар ва катталар учун пойабзал, матраслар, ёстиқлар, адёл, шунингдек, узоқ сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари – дон, макарон, ун, шакар, сариёғ, консервалар, чой сотиб олинди. Қарийб $25 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами Боткен вилоятидаги марказий штабга етказилади», деб айтган Рашидхон Хаджаев.

Маълум бўлишича, Боткендагилар учун инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиш Ўшдаги миллий марказ қабулхонасида ҳануз давом этмоқда.

Шаҳарнинг марказий майдонида эса, мэрия тарафидан уюштирилган шаҳар аҳолисининг жабрланганлар учун инсонпарварлик ёрдамини йиғиш кўчма пункти фаолият олиб бораётгани ҳам айтилади.

Бундан аввал Ўшдаги бир гуруҳ ўзбеклар ҳам Боткендаги воқеалардан хавотир билдириб чиқишган, у ерга ўз ёрдамларини юборишган. Улар ўз ташаббуслари сабабини изоҳлашаркан, Қирғизистонда «миллат бўлинмагани ва бўлинмаслиги»ни айтишган. «Миллатлар ҳамдўстлиги йўлида ҳар доим бир елкадан бош чиқариб, бирга хизмат қилишлари»ни таъкидлашган.

Ташаббус билан чиққан Ўшдаги ўзбеклар бундан кейин ҳам бу каби кўмакларни давом этдиришга ундашган. Аксар аҳолиси мусулмон икки давлат ўртасидаги тўқнашув мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида юз берган. Ўшлик Аҳмаджон ака муборак Рамазон ойида юз берган қонли ҳодисадан қайғуда эканини билдириб, мусулмонлар бошпанасиз қолганларга ёрдам қўлини чўзиши кераклигини айтган.

Ҳам Қирғизистон ва ҳам Тожикистонда бир миллиондан зиёд ўзбеклар ҳам яшашади.

Сўнгги қуролли низолар сабаб, эвакуация этилган 40 мингдан ошиқ қирғизистонликнинг аниқ қанчаси ортга қайтгани маълум эмас.

Ўзаро келишмовчилик шу йилнинг 29 апрель куни «Головной» сув тақсимлаш ҳудуди атрофида келиб чиққан.

Аҳоли ўртасидаги тортишув қуролли тус олган, икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги қарама-қаршиликка айланган.

Тўқнашувларда ҳар икки томондан 50 дан ортиқ киши қурбон бўлгани, яна юзлаби яралангани айтилган.

Шунда ҳам, Тожикистон ҳалича ўзининг талафотларига оид аниқ маълумотларни ҳалича расман ва тўлиқ очиқламаган.

Томонларнинг бир неча бор муросага бориш уринишлари ортидан, икки кунлик можаро шу йилнинг 1 май куни ниҳоя топгани хабар берилган.

Орада Ўзбекистон илова қатор минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар мавжуд вазиятдан ўз хавотирларини расман изҳор этиб чиқишган.

Зўравонликлар юзасидан ҳам Қирғизистон расмийлари ва ҳам Тожикистон расмийлари жиноят иши қўзғатишган.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегаралари аниқланмаган ҳудудда жойлашган аҳоли расмийларни тезроқ муаммони ҳал этишга ундаб келади.

Бу икки қўшни давлат ўртасида сув устидан келиб чиққан энг ёмон можаролардан бири бўлгани айтилади.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ