Қирғизистон Чегара хизмати юк машиналари тўпланиб қолганини Қозоғистон томони машиналарни секин ўтказаётгани билан изоҳлади

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Қозоғистон билан чегарада автомашиналар тўпланиб қолгани ҳақида маълумот берди.

Агентлик маълумотларига кўра, 11 апрель куни кечқурун “Ак-Тилек-Автодорожний” назорат-ўтказиш пунктида 200 дан ортиқ юк машинаси бўлган. Шу билан бирга, давлат чегарасининг бошқа «Чон-Капка» ва “Чалдовар” назорат-ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг бунчалик кўп тўпланиши кузатилмаган, бироқ шунга қарамай, 20 га яқин автомашинадан иборат навбат қайд этилган.

«Юқоридаги назорат-ўтказиш пунктларида юк ташувчи транспорт воситаларининг тўпланиши юк ташиш ҳажмининг кўпайиши, шунингдек, Қозоғистон томони автотранспорт воситаларининг секин ўтишини амалга ошираётгани билан боғлиқ», — дея тушунтирди Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати. «Ҳайдовчилар ва юк ташувчилар томонидан Қирғизистон чегарачиларига даъволар мавжуд эмас».

Департаментнинг таъкидлашича, Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги бошқа назорат-ўтказиш пунктларида одамлар ва транспорт воситаларининг тўпланиши қайд этилмаган. Шунингдек, улар бўш юк машиналари Қирғизистондан Қозоғистонга Кен-Булун – йўл ўтказиш пункти орқали чиқиб кетиши мумкинлигини эслатишди.

Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати маълумотларига кўра, Қозоғистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари нормал режимда ишламоқда, бу ҳудудда вазият барқарор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон 11 апрелдан бошлаб Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан қуруқликдаги чегарани кесиб ўтиш учун ўтказиш пунктларидаги чекловларни бекор қилгани хабар қилинганди. Қарор «эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш» билан изоҳланган.

Аввалроқ Қирғизистон Қозоғистон расмийларини қирғизистонликлар учун ер усти назорат пунктларини очишга бир неча бор чақирган эди. Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар 2020 йилнинг баҳорида коронавирус пандемияси сабабли ёпилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ