Қирғизистон фуқароларининг Россияга киришига қўйилган чекловлар бекор қилинди

16 майдан Қирғизистон фуқароларининг Россияга киришига қўйилган чекловлар бекор қилинди.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, тегишли қарор эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашувини ҳисобга олган ҳолда Россия Федерацияси ҳукумати томонидан қабул қилинган.

Қайд этилишича, бу масала жорий йилнинг апрель ойида Москвада бўлиб ўтган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича Қирғизистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида муҳокама қилинган. Россия фуқароларининг Қирғизистонга чиқишига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланмоқда.

Россия Федерациясининг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси «Қирғизистонликлар Россияга қуруқликдаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали, Россия фуқаролари эса Қирғизистонга, шу жумладан Россия-Қозоғистон чегараси орқали киришлари мумкин бўлади», деб таъкидлади. Илгари Қирғизистон фуқароларининг Россия ҳудудига киришига фақат ҳаво йўллари орқали рухсат берилган эди.

Шу йилнинг апрель ойида Қозоғистон қирғизистонликларнинг 2020 йил баҳоридан бери ёпилган қуруқликдаги ўтказиш пунктлари орқали киришига қўйилган чекловларни бекор қилди. Чекловлар олиб ташланишидан аввал Қирғизистон фуқаролари қўшни давлатга фақат ҳаво эшиги орқали киришлари мумкин эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ