Қирғизистон келаётган қишда Қозоғистондан электр импорт қилишни режалаштирмоқда

Сув тақчиллиги сабаб Қирғизистон Қозоғистондан 500 млн кВт/с электроэнергияни импорт қилишни режалаштирмоқда.

Мана шу миқдор куз-қиш даврини муваффақиятли ўтказиш учун етарли бўлади. Бу ҳақда 12 август куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида Миллий энергохолдинг раиси Айтмамат Назаров маълум қилди.

Прогнозларга кўра, 2020 йилнинг октябрига бориб Тоқтағул сув омборида сув ҳажми 14,9 млрд кубометрни ташкил қилади, деди Назаров. Ўтган йилларда бу вақтда сув ҳажми 17-19 млрд кубометр бўларди.

Миллий энергохолдинг шунингдек фавқулотда ҳолатлардаги узилишлар миқдорини камайтиришни режалаштирмоқда. Холдинг раҳбарининг огоҳлантиришича, туман электр тармоғининг ҳар бир раҳбари фавқулотда узилишлар, айниқса куз-қиш давридаги узилишлар учун шахсан ўзи жавобгар бўлади.

Аввалроқ, Тоқтоғул сув омборида сув камлиги боис келаётган куз-қиш мавсумида электроэнергия тақчилиги юз бериши мумкинлигидан мамлакатдаги барча электр энергиясининг 40 фоизни тақсимловчи «Северэлектро» компанияси баёнот берган эди.

Ҳукумат сув камлигини 2020 йил бошларидаёқ прогноз қилган эди. Таъкидланишича, кўплаб ҳавзаларда сув ҳажми меъёрдан 10-12% кам бўлиши кутилмоқда. Эҳтимолий узилишлар борасида ҳукумат ва миллий энергохолдинг ҳозирча баёнот бермади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ