Қирғизистон парламенти казино очиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жанжал билан қабул қилди

22 июнь куни Жогорку Кенеш Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Бироқ ҳужжатнинг қабул қилиниши жанжал билан кечди — “Бутун Қирғизистон” фракцияси аъзолари овоз беришдан бош тортиб, унга тўсқинлик қилишди.

Регламентга кўра, қонун лойиҳасини қабул қилиш учун мажлисда рўйхатдан ўтган барча депутатлар овоз бериши шарт. Спикер Талант Мамитов танаффус эълон қилиб, фракция етакчиларини маслаҳатлашувга таклиф қилди.

Танаффусдан кейин овоз бериш муҳокамаси давом этди. Депутат Дастан Жумабековнинг қайд этишича, Жогорку Кенеш регламентида бундай баҳсли фикрлар мавжуд эмас. «Бундайн бўлмади, ҳамма овоз берди», деди у. Жумабековнинг сўзларига кўра, бунда депутатлар Конституциянинг қонун лойиҳалари кўпчилик овози билан қабул қилиниши ҳақидаги талабларига таяниши керак.

“Бутун Қирғизистон” фракцияси аъзоси Исхоқ Масалиев, ўз навбатида, қонун лойиҳасини қабул қилиш учун депутатлар регламентни ўзгартириши керак бўлади, шунда ҳужжатлар алоҳида депутатлар овозисиз ҳам қабул қилинади, деди.

Депутат Оқбўқон Таштанбеков яқин вақт ичида Жогорку Кенеш регламентига ўзгартириш киритиш мақсадида овоз беришни кейинга қолдиришни таклиф қилди.

Тўрт марта овоз бериш муваффақиятсиз тугади. Бир қатор депутатларнинг нутқидан сўнг спикер Талант Мамитов қонун лойиҳасини яна овозга қўйди ва у худди шундай натижа билан якунланди – 5 депутат овоз беришдан бош тортди, 59 депутат ҳужжатни қабул қилиш учун овоз берди, 9 нафари қарши чиқди. Бироқ Мамитов Конституцияда қонун лойиҳалари кўпчилик овоз билан қабул қилиниши шарти билан боғлиқ ҳолда ҳужжат қабул қилинганлигини эълон қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ