Қирғизистон раҳбари Тожикистон билан чегарадаги масалани «тез орада» ҳал этиш ниятида

Тез орада Тожикистон билан чегара масаласи ҳал бўлади. Бу ҳақда Президент Садир Жапаров 25 апрель куни “Кабар” миллий агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Тожикистон билан музокаралар жараёни тўхтамаган, ҳозирда 600 км бўйича келишув мавжуд, 300 км масаласини ҳал қилиш қолган.

«Тожикистон билан чегара масаласи олиб ташланмаган, ҳал қилинмоқда. Аммо масала секинлик билан ҳал қилинмоқда. Нафақат биз томонда, балки ҳар икки томонда ҳам секин. 30 йилдан бери ҳал этилмаган чегара масаласи бир ойда ҳал бўлмайди. Баҳсли ҳудудлар мавжуд. Иккала томон ҳам баҳсли нуқталарни ҳал қилмагунча панжара ўрнатолмайди. Буни тушунмаганлар панжара қурилса яхши бўларди, дейишади. Баҳсли масалалар ҳал бўлиши биланоқ, иккала томон ҳам панжара қуришни бошлайди. Чегара постлари очилади. Савдо бошланади. Тожикистон билан алоқалар ҳозир Ўзбекистон билан қандай бўлса, шундай бўлади. Умид қиламанки, муносабатлар аввалгидек давом этади», — деди Президент.

Муаллифлар давлат раҳбари интервьюсини рус тилига таржима қилар экан, номаълум сабабларга кўра президентнинг яқин келажакда чегара муаммосини ҳал қилиш нияти ҳақидаги сўзларини қисқартирган.

Жорий йилнинг февраль ойида Қирғизистон ва Тожикистон топографик ишчи гуруҳларининг қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ўтказган учрашувлари якунлари бўйича 2021 йил 1 майдан буён 81 километрдан ортиқ умумий чегаралар белгилаб берилгани хабар қилинган эди.

16 апрель куни Президент Садир Жапаров 664 километрлик келишувни эълон қилган бўлса, 17 апрель куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Тожикистон Республикаси Исфара вилоятига ташрифи чоғида бу маълумотни такрорлади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 километрга етади, уларнинг 519 километри аниқланган, қолганлари эса аниқланмаган. Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги участкалар мунозарали бўлиб қолмоқда, у ерда қишлоқлар, ҳатто баъзан икки республика аҳолисининг уйлари ҳам яқин жойда жойлашгани чегара чизиғини аниқлашни қийинлаштиради. Ушбу ноаниқлик туфайли сув, ер ва алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлади. Шу билан бирга, кўпинча қурол-яроғлар қўлланилади, бу эса одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

Чегарадаги энг йирик можаро 2021 йил апрель ойи охирида содир бўлган, у Бош сув тақсимлаш иншоотидаги келишмовчилик туфайли бошланган. Қирғизистон томонидаги қуролли тўқнашув натижасида 154 киши жароҳатланган, 36 киши ҳалок бўлган, жумладан, икки бола. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлган ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган.

Шу йилнинг апрель ойида чегарада навбатдаги отишма содир бўлган, унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 6 нафар қирғизистонлик яраланган. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, жароҳат олган 27 ёшли тожик чегарачиси шифохонада вафот этган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ