Қирғизистон Россиянинг мамлакатда биологик лаборатория яратиш таклифини рад этди

Россия Қирғизистон ҳудудида BSL-3 даражадаги биологик лаборатория қуриш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди, бироқ Қирғизистон томони лойиҳани амалга оширишга қарши чиқди.

Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, биологик лаборатория яратиш лойиҳаси 14 апрель куни Москвада бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича Қирғизистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишида муҳокама қилинган.

Икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни, жумладан, тиббиёт, фан ва таълим ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш орқали ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олдилар. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар халқаро тараққиётга кўмаклашиш бўйича Россия ташаббуслари доирасида юқумли касалликлар устида қўшма тадқиқотлар қилиш, олдини олиш ва уларга жавоб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни давом эттиришга қарор қилишди.

2008 йилда Қирғизистонда учинчи хавфсизлик тоифали биолабораторияни яратиш имконияти муҳокама қилинган эди. Канада ҳукумати билан тегишли икки томонлама битим имзоланди. Қирғизистон ҳукумати биолаборатория қурилиши бўйича иш графиги тасдиқлангани, бундан ташқари, бош лойиҳачи аниқлангани ҳақида хабар берди. Лаборатория қурилиши учун Бишкекдаги Ботаника боғи ҳудудидан жой ажратилди. Бироқ, бу ташаббус жамоатчиликнинг қаршилигига сабаб бўлди, шу сабабли лойиҳадан воз кечишга тўғри келди.

Лаборатория инфекцияларининг турли гуруҳлари учун биологик материални хавфсиз сақлаш учун тегишли ускуналарни тавсифловчи амалий кўрсатмалар ишлаб чиқилган. Ушбу кўрсатмалар биохавфсизлик даражалари деб аталади. Биохавфсизликнинг тўртта даражаси мавжуд.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ