Қирғизистон Қумторда олтин қазиб олишни кўпайтиради

2022 йилда «Қумтор» конида 17,5 тонна олтин қазиб олиш режалаштирилган. Кейинги йилларда конда олтин қазиб олиш ҳажми яна ортади.

Бу ҳақда «Буюк кўчманчилар мероси» миллий холдинги раҳбари Тенгиз Болтурук «Ала-Тоо 24» давлат телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 106 тонна қимматбаҳо метал жойлашган қолдиқлардан олтин ажратиб олиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

«Ундан 60-65 тонна олтин олишимиз мумкин. Агар 2024 йилда ер остида олтин қазиб олишни бошласак, бу камида 3-4 тонна беради. Чиқиндихонадан олтин қазиб олиш ва ер остидан қазиб олиш билан биргаликда йилига 24-25 тоннагача олтин қазиб оламиз», деди Болтурук.

2021 йил май ойида Қирғизистон ҳукумати Қумтор конини бошқаришни ўз қўлига олди. Парламент Вазирлар Маҳкамасига корхонада ташқи бошқарувни жорий этишни топширди. Мамлакат расмийлари бундан буён Қирғизистон конни мустақил равишда ўзлаштиришини ва олтин сотишдан барча фойда олишини маълум қилди.

Канада компанияси Қирғизистон Республикаси ҳукуматига қарши халқаро судларга бир неча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қирғизалтыннинг Cэнтеррадаги акциялари билан савдо қилишни тақиқлаган.

4 апрель куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Канаданинг Centerra Gold Inc. Қумтор бўйича шартнома имзолади, унга кўра Қирғизистон коннинг ягона эгасига айланади, бунинг эвазига у Cэнтеррадаги 26% улушини беради. Шу билан томонлар барча ўзаро даъволардан воз кечадилар.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ