Қирғизистонда 2010 йилги апрель воқеаларини инқилоб ўлароқ ёдга олинди

Лекин тўқсонга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган воқеаларга муносабат бир хил эмас.

Бу кун Қирғизистонда расмий давлат байрами сифатида нишонланади ва дам олиш куни ҳисобланади. Шу куни Бишкекда президент Садир Жапаров ва бошқа давлат раҳбарлари иштирокида хотира тадбирлари ўтказилди. Қабул қилинган одатга кўра давлат раҳбари пойтахтдан ўн чақиримча нарида жойлашган “Ата-Бейит” ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.

Мажмуа Совет даври қатағонлари қурбонлари оммавий равишда кўмиб юборилган жойга ўрнатилган ёдгорлик бўлиб, 7 апрелда қурбон бўлганлар ҳам ўша ерга дафн қилинган. Сўнгра давлат раҳбарлари “Ала-Тоо” майдонидаги Ақси ва апрель воқеалари қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйишди.

Хотира тадбирида Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, парламент спикери Талант Мамитов, собиқ президентлар Роза Отунбоева, Сооронбай Жээнбеков, Конституциявий суд раиси Эмил Осконбаев, Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов ва бошқалар иштирок этиб, Қуръон тиловат қилинди.

Маълумки, 2010 йилнинг 6 апрелида Талас шаҳрида ўша пайтдаги президент Қурманбек Бакиевнинг оилавий бошқарувига қарши намойишлар бошланиб, эртаси куни Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши билан якунланган. “Оқ уй”га қилинган ҳужум ва Бишкекнинг марказий майдонида намойишчилар билан куч тузилмаларининг тўқнашуви натижасида расмий маълумотларга кўра, 87 одам ҳалок бўлган ва 1000дан ортиқ киши яраланган. Қурманбек Бакиев аввалига бир неча кун мамлакат жанубида яшириниб юрди, сўнгра оиласи билан хорижга қочиб, Беларусдан бошпана топган.

Мухолафат кучлар Роза Отунбаева бошчилигидаги мухолифат аъзоларидан иборат Муваққат ҳукумат тузилиб, давлат бошқарувини қўлга олган.

Апрель қонли воқеалари юзасидан жами 30га яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг 14 нафар ходими далиллар етарли эмаслиги сабаб оқланган.

Собиқ президент Қурманбек Бакиев 30 йилга, кенжа ўғли Максим Бакиев, укаси Жаниш Бакиев ва ўша пайтдаги бош вазир Данияр Усенов сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишган. Бакиевнинг тўнғич ўғли Марат Бакиев эса сиртдан 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бакиевлар бу воқеаларни қуролли тўнтариш қатори баҳолаб, ўзларига қўйилган айбловларни инкор қилиб келишади.

Бу мамлакатда юз берган иккинчи “инқилоб” бўлиб, биринчиси 2005 йилнинг 24 мартида юз берган. Ўшанда давлатнинг биринчи президенти Асқар Ақаев оиласи билан Москвага қочган ва босим остида ўз лавозимидан воз кечишга мажбур бўлган.

Тарих яна ўз сўзини айтадими?

Аввалроқ мамлакатда тузилган Бирлашган демократик ҳаракат “Апрель инқилоби. Ютуқ ва камчиликлар” дея номланган давра суҳбатини уюштирган. Унда 2010 йилдан кейин ҳокимият тепасига келган Муваққат ҳукумат аъзоларидан бир гуруҳи иштирок этган.

Апрель воқеаларидан кейин давлатни бошқарган собиқ президент Роза Отунбаева апрель воқеаларини Беларусь ва Украина, улардан аввалроқ Москвадаги Болотная майдонидаги  намойишларга солиштирган.

“…Уларнинг фонида бизнинг 2005 ва 2010 йиллардаги инқилобларимизнинг аҳамияти, роли ва баландлиги ёрқин намоён бўлди. Бизда ўша инқилоблар рўй берганда, катта ташвиқот машинаси бизни ер билан яксон қилмоқчи бўлган. Қандай сўзлар айтилмади. «Қирғизистон суверенитетини йўқотади», «бу давлат энди бўлиниб кетади, «бу аҳмоқлар давлатчиликни билишмас экан», дея мазах қилишди”, – деди собиқ президент.

Отунбаева ўша кунлари Россия ташвиқотидан ташқари қўшни давлатлар ҳам Қирғизистонни оммавий ахборот воситаларида ёмон отлиқ қилганини эслайди.

“Украина ва Грузиядаги инқилоблардан фарқли ўлароқ, бизнинг инқилобимиз бемаънилик ва талончилик сифатида таърифланди. Улар бизни сиёсий майдонда «ҳеч нарса ўзгармади», деб ишонтиришга ҳаракат қилишди”, деди Отунбаева.

Ўз лавозимларидан куч билан четлатилган собиқ президентлар Ақаев ва Бакиев каби бу икки воқеани ҳалигача “давлат тўнтариши” деб ҳисоблайдиган кучлар ҳам оз эмас. Улар орасида таниқли сиёсатчилардан тортиб, тарихчиларгача бор.

Тадқиқотчиларнинг бошқа бир вакиллари бу воқеаларга баҳо беришда шошилмайдилар ва улар холисона тарихий изланишларни талаб қилади деб ҳисоблашади.

Инқилоб қурбони

Тарихда “инқилоб ўз болаларини еб юборади”, деган ибора бор. Бу гаплар собиқ президент Алмазбек Атамбаевга тегишли дейиш мумкин. Давлатни бошқариб турган чоғида у 2005 ва 2010 йиллардаги ҳокимият алмашинуви билан боғлиқ воқеаларни назарда тутиб, уларни ўзи ташкил қилгани ва бошқарганини айтган.

Олти йил, 2011-2017 йиллар давомида Қирғизистонни бошқарган, ҳозирда 11 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, яна бошқа турли айбловлар билан судланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаев энди қамоқда туриб, апрель воқеаларининг 12 йиллиги муносабати билан халққа мурожаат қилган.

У ўз мурожаатида “Апрель инқилоби” қаҳрамонларининг жасорати “бугун ҳокимият тепасида турганлар тарафидан унутилишга ҳаракат қилинаётганини” айтади.

“Сўнгги бир ярим йил ичида Қирғизистонда кўз ўнгимизда ишонч билан авторитар режим жонлантирилмоқда… апрель инқилоби хотирасини жимгина ўчириб ташлашмоқда, демократия ва сўз эркинлиги чекланмоқда”, дейди Атамбаев ўз мурожаатида.

Атамбаев 2017 йили ўзининг кучли босими остида ўтказган президентлик сайлови орқали ўз лавозимини яқин дўсти ва сафдоши Сооронбай Жээнбековга ўтказиб берган. Лекин орадан кўп ўтмай, икки дўст орасида низо чиқиб, Атамбаев 2019 йилнинг 8 августида минглаб куч тизимлари иштирокидаги ҳужум орқали қўлга олинган. У шундан бери қамоқда.

Жээнбековнинг ҳокимияти эса узоққа чўзилмади. У уч йил давлатни бошқаргач, 2020 йилнинг 9 октябрида адолатсиз ўтказилган парламент сайлови натижасида оммавий тартибизликлар бошланиб, яна ҳокимият алмашуви юз берди. Ўша пайтда қамоқда ўтирган Садир Жапаров озод қилиниб, ҳокимият тепасига келди.

Апрель воқеалари мақсадига етдими?

Қирғизистоннинг давлат мустақиллиги даврида юз берган уч ҳокимият алмашуви ҳақида сўз кетганда, бу воқеаларнинг сабаблари билан бир қаторда “инқилобчилар”нинг берган ваъдалари ҳам таҳлил қилинади. Кўпчиликнинг фикрича, куч билан ҳокимият алмашинувини қайталаниб туришига сабаб – ўша “инқилоблар” даврида ва ундан кейин берилган ваъдаларнинг бажарилмай қолганидир.

“Янги ҳукумат икки йил ўтиб-ўтмай, янги сиёсий муаммоларга дуч келди. У парламент билан президент ўртасидаги ички сиёсий зиддиятлар”, дейди 2010 йилдаги воқеаларни назарда тутган Бирлашган демократик ҳаракат вакили Перизат Суранова. – “Президент парламентни ўз назоратига олиш мақсадида фракциялар ичида бўлиниш пайдо қилиб, натижада ижрочи ҳокимият тез-тез алмашди, ҳукумат заифлашди”.

Айтиб ўтиш лозимки, мустақилликнинг 30 йили давомида Қирғизистонда бош вазирлар 31 марта алмашган. Яъни ўртача ҳисобда олганда бош вазирлар бир йил ҳам тўлиқ ишлашмаган. Садир Жапаров эса республиканинг еттинчи президенти.

Гўёки шундай сиёсий бошоломонликларни олдини олиш мақсадида, аслини олганда ўз ҳокимиятини кучайтириш ниятида президентлар доимо давлат Конституциясига ўзгартиришлар киритиб келишган.

Апрель воқеаларидан кейинги бош қомусни ўзгартириш бўйича навбатдаги уринишлар 2016 йили айнан Атамбаев томонидан амалга оширилди. Асосий ўзгартиришлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини жиддий чеклади. Бунгача 2010 йилнинг июнида қабул қилинган конституция жаҳон миқёсидаги ташкилотлар в экспертлар томонидан энг яхши асосий қонун сифатида баҳоланиб келарди.

“Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари, Миллий хавфсизлик қўмитаси, судларни фойдаланиш ва оммавий ахборот воситалари орқали мухолифат вакилларига туҳмат қилиш билан, уларга босимлар кучайди”, дейди Перизат Суранова.

Унинг фикрича, Қирғизистон 2013 йилдан бошлаб демократиядан йироқлаша бошлаган.

“Давлатни президентнинг дўстлари, ҳайдовчи ва тан соқчиси, қудалари, матбуот котиблари, қўшнилари бошқарган. Ҳақиқий мутахассислар ҳокимиятдан четда қолишди. Ҳақиқатни айтишга бўлган уринишлар, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари чекланиб, мустақил телевидение, газеталарни ёпишди, журналистларни судлашди”, дейди Суранова.

Янги президент Садир Жапаров ташаббуси билан 2021 йилда ўтказилган конституциявий ислоҳот натижасида Қирғизистон парламент бошқарувидан президентлик бошқарувига ўтди. Шундан буён президентлик ва ижрочи ҳокимиятнинг кучайиши жараёни давом этиб келмоқда. Жумлаан, бугунги кунда парламентда неча йиллардан буён жамоатчилик телеканали сифатида ишлаб келаётган “Биринчи канал”га яна давлат телеканали мақомини бериш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ