Қирғизистонда 30 минг гектарга яқин ер трансформация қилинади

Қирғизистонда “Ер муносабатларини тартибга солиш тўғрисида”ги қонун асосида 29 минг 872 гектар ер трансформация қилинади.

Қирғизистон Республикаси президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ҳужжат Жогорку Кенеш томонидан 17 март куни қабул қилинган ва 5 апрелдан кучга кирган. 31 май куни эса Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу қонунга мувофиқ “Ерларга амнистия қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлади.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ноқонуний равишда турар-жой бинолари ва пойдеворлар қурилган 142 337 та объект аниқланган. Шу билан бирга, 28 мингдан ортиқ фуқарога техник паспорт берилди. – Фуқароларимиз техник паспортга эга бўлгач, рўйхатдан ўтиш, турли ижтимоий тўловларни олиш ва сайловда қатнашиш имкониятига эга бўлди, – деди давлат раҳбари.

Аввалроқ пойтахт ҳокимлиги “техник паспортни тайёрлаш қонунийлаштириш ҳуқуқини бермаслиги, унда фақат кўчмас мулк ҳақидаги техник маълумотлар борлиги”ни таъкидланган, бироқ ушбу ҳужжат муаммони ҳал қилиш йўлидаги дастлабки қадамлардан бири эканлигини ҳам қўшимча қилган эди.

Президент матбуот хизмати юқоридаги қонунга мувофиқ, санитария меъёрлари бўйича қурилиш тақиқланган ҳудудлар, яъни газ қувурлари ўтадиган, чиқиндихона, қабристонлар яқинидаги электр тармоқлари ва ҳоказолар тартибга солинмаслигини эслатди.

Ўтган йилнинг август ойида Садир Жапаров “Ер участкаларини бошқа жойга ўтказиш (трансформация қилиш) тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларни имзолаган, унга кўра республика бўйича 1712 гектар ер трансформация қилинган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 декабрдаги йиғилишида сўзлаган нутқида у “25 минг гектар ерни трансформация қилиш 1 апрелгача якунланишини” айтди. “Йил сайин озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш қийинлашиб бораётгани” сабабли ерларни тортиб олишни тўхтатиш, экин майдонларини тежаш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари апрель ойида “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш фактларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган бўлиб, унда бир қатор бошқармаларга ерларни олиб қўйишнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш топширилган эди.

Ер амнистияси доирасида 100 мингдан ортиқ уй-жойга ҳужжат бериш режалаштирилган. Бу жараён фақат 2 йил давом этади. Бу муддатдан кейин олиб қўйилган ерларга ҳужжат берилмайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ