Қирғизистонда Ҳаж зиёрати нарҳи 4500 доллар бўлиши мумкин

Бу йилги Ҳаж сафари нарҳи 4500 доллар бўлиши мумкин. Бироқ, бу ҳозирча тахминий нарх. Бу ҳақда Ҳаж сафарини уюштириш бўйича штаб раҳбари Абибилла Қадирбердиев 21 апрелдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу нарх ўтган йилгига нисбатан 1000 долларга қиммат.

Бу йил Қирғизистондан Ҳажга борувчилар учун 2766та ўрин берилган. Зиёратчилар пулни 25 апрелдан 30 апрелгача тўлашлари керак.

Зиёратчиларни Ҳажга элтувчи авиакомпания Қирғизистон билан Саудия Арабистони компаниялари орасидан танланади.

Муфтият 2019-2020 йиллари Ҳаж сафарига бориш учун электрон рўйҳатга ёзилиб, навбат кутиб турган номзодлар 25 апрелдан бошлаб беш кун ичида пулларни тўлашлари кераклигини айтган.

Ҳажга борувчиларнинг ёши 65 ёшгача, коронавирусга қарши эмланган бўлиши ва бу дарддан халос эканини тасдиқловчи тести бўлиши керак.

Коронавирус пандемияси сабаб Саудия Арабистони 2020 йили ҳаж зиёратини вақтинчалик тўхтатган. У йили Қирғизистонга 6110 ўрин берилган. Сафар нарҳи 3350 доллар эди.

Ҳаж мусулмонлар учун бажариш керак бўлган беш фарздан бири. Бу йил Ҳаж июль ойида бошланиши айтилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ