Қирғизистонда чегарадаги отишма факти бўйича жиноий иш очилди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида чегарачилар ўртасида содир бўлган отишма ортидан «Тинчликка қарши жиноятлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Назорат қилувчи орган маълумотларига кўра, идоралараро тергов гуруҳи тузилган.

12 апрель куни кечқурун Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида икки марта отишма содир бўлди. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, қўшни давлат ҳарбий хизматчилари Қирғизистон Республикаси ҳудудига чуқур кириб борган, шундан сўнг қирғиз чегарачилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, уларга жавобан тожикистонлик ҳамкасблари ҳам ўқ узган. Икки давлат чегара вакилларининг учрашуви чоғида биринчи отишма факти муҳокама қилинганида такрорий отишма содир бўлди. Айни вақтда Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати маълумотларига кўра, «Тожикистон томони Қирғизистоннинг Достук қишлоғини миномётлардан ўққа тута бошлаган».

Ўз навбатида, Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Хистеварз ҚФЙ раҳбари ўринбосари Матлуба Жўрабоеванинг айтишича, можаро Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчиларининг айби билан содир бўлган, улар биринчи бўлиб ўт очган ва тожик чегарачилари ҳам жавоб ўқ узишга мажбур бўлган.

Биринчи отишмада Тожикистон Республикаси чегарачиси оғир яраланган, кейинчалик у вафот этган. Иккинчи тўқнашувда эса қирғиз аскари яраланиб, вилоят касалхонасига операция ўтказиш учун олиб кетилган. Эртаси куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳатланганлар сони 6 нафарга етганини, улардан тўрт нафари ўқ жароҳати билан касалхонада эканлигини маълум қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ