Қирғизистонда ўтаётган сайловларда ўзбекларнинг ўрни қандай?

Ўш шаҳар кенгашига ўтказилган сайлов натижаларига кўра, депутатликка отланган 56 ўзбекнинг 3 нафаригина депутатлик мандатига эга бўлиши мумкин.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига сайланган номзодларга ҳануз мандат берилмаяпти. Бунга сабаб қилиб Марказий сайлов комиссияси тарафидан айрим партияларга нисбатан овоз сотиб олиш ҳоллари юзасидан олға сурилаётган айбловлар ўрганилаётгани айтилмоқда. Зеро, амалдаги сайлов қонунига мувофиқ, қайта ўтказилган сайловда ғолиб чиққан номзодларга 24 июлгача депутатлик мандатлари берилиши керак эди.

Жорий йилнинг 11 июль куни Бишкек, Ўш ва Тўқмоқ шаҳар кенгашлари депутатлигига қайта сайлов бўлиб ўтган. 11 апрелда бўлиб ўтган маҳаллий ва шаҳар кенгашларига депутатлар сайловида Бишкек, Ўш ва Тўқмоқ шаҳарларидаги қонунбузарликлар боис натижалар бекор қилиниб, 11 июлда қайта сайлов ўтказилган.

Маҳаллий кенгаш депутатлари 4 йиллик муддатга сайланади.

Қонун барчага бирдай эмасми?

26 июль куни Марказий сайлов комиссияси Ўш шаҳар кенгашига қайта сайловда иштирок этган «Бизнинг Қирғизистон» сиёсий партиясига берилган овозларни ҳақиқий эмас, деб топган ва партия қайдини бекор қилган.

Шикоятларни кўриб чиққан ишчи гуруҳнинг таъкидлашича, номзодларнинг овоз сотиб олишга аралашиши партиянинг сайлов жараёнидан чиқариб юборишга сабаб бўлган. Ишчи гуруҳ Ўш шаҳар кенгашига сайловни, «Бизнинг Қирғизистон» партияси рўйхатдан чиқарилганлиги сабаб ҳам “ўтди”, дея тан олган.

Ўш шаҳрида овоз бериш жараёни

“Бизнинг Қирғизистон” партияси сайлов арафасида тадбиркор Нурбек Осмонов томонидан ташкил этилган. Унинг укаси, парламент депутати Ойбек Осмонов, фейсбук ижтимоий тармоғида Марказий Сайлов комиссияси қарорини адолатсиз дея баҳолаб, судга мурожаат қилишини ёзган.

«Қонун фақат «Бизнинг Қирғизистон» партиясига тааллуқлими? Қандай адолатсизлик! Нега улар далилсиз бундай қилишади? Аввал ҳам мен бу ҳақда ёзган эдим. Ҳақиқат ҳаммага ойдек равшан кўриниб турибди. Биз судга мурожаат қилишга мажбурмиз. Агар биз қонуний мамлакатда яшаётган бўлсак, адолатли қарор қабул қилинади, деган умиддаман! Яна такрорлайман, қонун ҳаммамиз учун бирдек ишласин», – деб ёзган у.

Аввалроқ, Ўш ҳудудий сайлов комиссияси қайта сайлов натижаларини хулосалаб, Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун юборган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўш шаҳар кенгаши сайловида саккиз партия қатнашиб, унда 50 минг 79 нафар одам (сайловчиларнинг 36,72 фоизи) овоз берган. Сайлов натижаларига кўра, Ўш шаҳар кенгашидаги 45 ўриндан “Ата-Журт Қирғизистон” партияси 19 ўрин, “Бизнинг Қирғизистон” 15, “Улуттар Биримдиги” 7 ва “Бир бўл” партияси 4 ўринни эгаллаши керак эди.

«Улуттар биримдиги» сиёсий партиясининг етакчиси – Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматов сайловдан уч кун аввал, маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервюсида, маъмурий ресурслар ҳанузгача шаҳар кенгаши сайловида қўлланаётганини айтган.

«Ушбу сайловда ҳам қонун бузилиш холлари кузатиляпти. Ҳали сайлов бўлмади, лекин аллақачон милицияга 18 та шикоят келиб тушган. Маҳаллий ҳокимият идоралари эски усуллардан халос бўлолмаётгани учун адолатли сайлов ўтказа олмайди. Президент адолатли сайловлар принципига амал қилмоқда, аммо Ўшда улар бунга қарши ишламоқда», – деган Мирзақматов.

Афтидан, бир вақтлар катта обрўга эга бўлган собиқ шаҳар мэри ўз мавқеини назарда тутиб, сайловчиларнинг кўпчилиги аввалгидек “Улуттар биримдиги” партиясини қўллашига ишонган. Бироқ амалдаги сиёсий ҳокимият бунга йўл қўймаслигидан хавотир билдирган.

Ўзбекларнинг ўрни борми?

Расмий маълумотларга кўра, 6,3 миллиондан кўпроқ аҳолига эга бўлган Қирғизистонда 900 мингга яқин ўзбеклар яшайди. Норасмий маълумотларда эса, уларнинг сони 1,2 миллион атрофида экани айтилади. Ўзбеклар республиканинг жанубидаги Ўш шаҳри, Ўш вилоятининг Новқат, Қорасув, Аравон туманларида, Ўзган шаҳрида, Жалолобод шаҳрида ва бу вилоятнинг Сузоқ, Бозорқўрғон туманларида аҳолининг асосий кўпчилигини ташкил қилади.

Кузатувчилар, Қирғизистон мустақилликка эришгандан кейин, 90-йиллар бошида шаҳар кенгашидаги ўзбек депутатлари сонининг камайиб боришига сайловлардаги порахўрлик, сиёсий босим ва турли хил қўрқитувлар сабаб бўлаётганини айтишади. Шунингдек, мамлакатдаги иқтисодий инқироз ҳам, давлат тизимида узоқ йиллар фаолият олиб борган ўзбек зиёлиларини хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишга мажбур қилган омил экани ва шу тариқа, ўзбекларнинг сиёсатга бўлган қизиқишлари сусайиб боргани таъкидланади.

Республика жанубида яшовчи ўзбеклар ҳануз сайловда асосий ролни ўйнайди. Шунга қарамай, аксар ўзбеклар келажакда ўзларини депутат, давлат ҳокимияти вакили эмас, балки уддабурро тадбиркор ёки диний саводхонлиги юқори инсон ўлароқ тасаввур қилишади.

Пандемияга қарамай, сайлов участкалари олдида тўп-тўп бўлиб турган одамларни кўриш мумкин

Ҳар гал республика ёки маҳаллий миқёсда сайлов ўтказилиши режалаштирилар экан, дарҳол ўзбеклар муаммоларига қулоқ тутилгандек бўлинади ва уларни зудлик билан ҳал этиш ваъдалари берилади. Шунингдек, ҳар бир партия сайлов олдидан ўз сафига албатта ўзбекларни қўшади ва уларни “вақтинчалик” бўлса ҳам рўйхатнинг юқорисига қўйишга мажбур бўлади. Чунки сайлов қонунларига кўра, партия рўйхатига 15 фоиздан миллий озчилик вакиллари ва ёшлардан киритилиши керак. Лекин бу қоидага ҳар доим ҳам амал қилина бермаслиги ҳам сир эмас.

Сайловчиларнинг асосий қисми ўзбеклардан иборат эканлиги ҳисобга олиниб, шаҳарнинг турли бурчакларига ўзбек номзодларининг суратлари илинади. Лекин сайловлар доимо қонунда ёзилмаган, лекин барқарор “қоидалар” асосида ўтади.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига курашда иштирок этган Анварнинг сўзларига кўра, деярли барча партиялар ташвиқот асносида ноқонуний ишларни, сайлов пайтида турли ҳийлаларни амалга оширади.

“Сайловдан ўтадиган партияларнинг барчаси пул билан овоз сотиб олишади. Усиз бўлмайди. Ҳар бир номзодга муайян участка бўлиб берилади ва маълум сондаги овоз олиш мажбурияти юкланади. Бу галги сайловда 500тадан юқори овоз олган одам депутат бўлиши айтилди ва номзодларга шунга яраша пул берилди. Ҳар бир овоз минг сўмдан сотиб олинди”, дейди хавфсизлик сабаб исми ўзгартирилган бошқа бир суҳбатдошим.

Унинг сўзларига кўра, овоз сотиб олиш ҳоллари аввалдан режалаштирилади ва “овоз”лар банд қилиб қўйилади. Лекин унда ҳам олинадиган овозларга юз фоиз кафолат йўқ.

“Менга бир участкада 600та, иккинчисида ҳам деярли шунча овоз олишим кераклиги айтилди. Мингдан ортиқ одамга аввалдан пул бериб, партиямизга овоз берадиган қилиб гаплашдик. Лекин сайлов куни иккала участкани қўшганда, 600тадан сал кўпроқ овоз олибмиз. Бу ҳам ёмон кўрсаткич эмас. Сайлов ўйини шу-да! Сайловчи сиздан ҳам пул олади, бошқасидан ҳам, аммо овоз бериш пайтида ўзи билади. Айнан кимлар бизга овоз берганини яккама-якка ҳисоблаб чиқа олмаймиз. Аксар одамларни сиёсат қизиқтирмайди, уларга пул бўлса бас. Шу тариқа, ўзимиз келажагимизни арзимаган пулга сотяпмиз”, дейди у.

Суҳбатдошимиз партиянинг ички оғзаки “низоми”га мувофиқ, сайловда ким 1000 дан кўп овоз олган бўлса, ўша депутат бўлиши белгиланганини айтади. “Ҳозир мендан кўп овоз олганлар депутат бўлади. Менинг навбатим ҳам яқин. Лекин менга, депутатликдан воз кечишим эвазига бошқа лавозим таклиф қилишаяпти. Ўйланаяпман”, дея қўшимча қилади у.

Сиёсий ўйиннинг бундай ёзилмаган қоидалари одатда номзодлар орасида турли келишмовчиликларни, жиддий жанжалларни пайдо қилади. Аталган “Бизнинг Қирғизистон” партияси номзодлари орасида ҳам депутатликка навбат бўйича низо пайдо бўлган. Партия рўйхатида тўққизинчи қаторда сайловга қатнашган Жамал Ормонова, сайловдан кейин ўзини рўйхатдаги ўрни пастроққа сурилганидан норози бўлган ва Ўш ҳудудий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилган. Сайлов комиссияси эса, бу масала партия ичида ҳал этилиши кераклигини айтган.

Сайлов қонунига мувофиқ эса, номзодлар, партия аввалдан Марказий сайлов комиссиясига тақдим этган рўйхатдаги навбати бўйича депутат бўлишлари лозим.

“Улуттар биримдиги” партияси номидан Ўш шаҳар кенгашига сайловда қатнашган Дилноза Топволдиева ҳам депутат бўлиш иштиёқида эмас. “Сабаби, партия раҳбарияти тарафидан мен истаган нарсаларим амалга оширилаяпти. Яъни, уларга аёлларни иш билан таъминлаш режасини айтганимда, ҳеч бир муаммосиз учта тикув цехини очиб беришини айтишди. Ҳозир шу бўйича ишлар олиб бориляпти. Менга шу етади. Депутат бўлишим шарт эмас. Сайловда қатнашиб, ўз кучим билан етарлича овоз олдим. Шу овозлар ўзбек ва аёллар квотаси бўйича депутат бўлишимга етарди, лекин мен хоҳламадим”, дейди Дилноза.

У сайлов жараёнида овозларни сотиб олиш каби кўплаб қонунбузарликлар бўлганини, халқ ҳақиқий сайлов тушунчасини англаб етмагунича, жамиятда ижобий ўзгаришлар бўлмаслигини қўшимча қилди. Шунингдек, Дилноза, қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, энг аввало эл учун хизмат қилиб, унинг манфаатларини ҳимоя қилаверишини таъкидлайди.

Чекинаётган миллий омил

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев раҳбари экани айтилаётган “Ата-Журт Қирғизистон” партияси Ўш шаҳар кенгашида 19та депутатлик мандатига эга бўлиши кутилмоқда.

Айрим кузатувчилар, мазкур партия сайлов пайтида маъмурий ресурс қўлланганини иддао қиладилар. Бироқ бу иддаолар судда тасдиқлангани, унга чора кўриш бўйича қарорлар қабул қилингани маълум эмас. Бу партиянинг Марказий сайлов комиссияси сайтига жойлаштирилган рўйхатидаги 114 номзоддан 19 нафари ўзбек эканини кўриш мумкин.

Парламент депутати Айбек Осмонов раислигидаги “Бизнинг Қирғизистон” партияси рўйхатида қайд этилган 131 номзоддан атиги 9 нафари ўзбеклардир.

Парламентдаги яна бир депутат Алтинбек Сулаймановнинг “Бир бол” партияси рўйхатидаги 73 номзоддан 5 нафари ўзбек миллатига мансуб.

Рўйхатидан ўзбекларга энг кўп жой берган партия Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мелис Мирзақматов раҳбарлигидаги “Улуттар биримдиги” партияси экан. Лекин рўйхатдаги 95 номзоднинг 23 нафари ўзбеклар бўлганига қарамай, бу партия энг оз овоз олганлар қаторида қолган.

Қирғизистондаги сайловларда овозларни автоматик тарзда ҳисобловчи электрон қутилар ишлатилади

“Улуттар биримдиги” партияси мисолини олиб қараганда номзодларнинг қайси миллатга мансуб экани бу ерда унча рол ўйнамай қолган.

Нима бўлганда ҳам, Ўш шаҳар кенгашига ўтказилган сайлов натижаларига кўра, ғалабага эришган тўрт партиядан депутатликка отланган 56 ўзбекнинг 3 нафаригина депутатлик мандатига эга бўлиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси 26 июлдаги йиғинида, Ўш шаҳар кенгаши сайловида «Бир бол» партияси номидан қатнашган Саидисломбек Патидиновни рўйхатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган. Аввалроқ, унга қарши Жиноят кодексининг «Сайловчилар овозларини сотиб олиш» моддаси бўйича судгача тергов ишлари бошлангани маълум қилинган эди.

Жорий йилнинг 11 апрель куни Қирғизистонда бўлиб ўтган референдумда қатнашганларнинг 79 фоизи мамлакат конституциясига ўзгартиришларни ёқлаб овоз беришган. Ўзгартиришларга кўра, энди давлат Президенти беш йилдан икки муддатга сайланиши мумкин ва у ҳукуматни ҳам бошқаради. Йил бошида – 10 январь куни ўтказилган президентлик сайловида Садир Жапаров қарийб саксон фоиз овоз тўплаб, ғолиб бўлган.

2020 йилнинг 4 октябрида ўтказилган нохолис парламент сайлови натижаларидан норози бўлган мухолифат намойишлари ортидан навбатдаги ҳокимият алмашинуви амалга ошди. Оқибатда, ўз муддатини ўтаб бўлган парламент бугунги кунда ҳам фаолиятини давом этдириб турибди. Парламент сайлови шу йил октябрь ойида ўтиши тахмин қилиняпти.

Яқин тарихга кўз ташласак, 2020 йилнинг 4 октябрида ўтган парламент сайловларида номзод сифатида 22 миллат вакили иштирок этган. Улар 2000 нафардан ортиқ номзодларнинг 16 фоизини ташкил қилишган. 84 фоиз номзодлар қирғиз миллатига мансуб бўлган.

Ҳаммаси бўлиб ўзбеклардан 97 номзод, руслардан 94, тунгонилардан 30 киши, қозоқлардан 28, уйғурлардан 20, татарлардан 18, тожиклардан 11, украинлардан 10 нафар номзод партиялар рўйхатига киритилган. «Бир бол» ва Афғон уруши фахрийлари тузган партияларда 26 фоиздан бошқа миллат вакиллари бўлишган, бироқ иккала партия ҳам сайловдан ўтмаган.

Хўш, бу сафар, яъни кузда ўтадиган парламент сайловида сиёсий партиялар ва Қирғизистон ўзбеклари ўзларини қандай тутадилар – буни вақт кўрсатади.

Шоҳруҳ Соипов, Ўш

Расмлар муаллифники.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ