Қирғизистонда ўзбек тилидаги матбуотнинг истиқболи қандай?

Бугун мамлакатдаги ўзбекзабон аҳолининг она тилида маълумот олиш имконияти жуда чекланган.

Аҳолиси олти ярим миллиондан кўпроқ Қирғизистонда қарийб бир миллион ўзбек яшайди. Сони жиҳатидан республикада иккинчи ўринни эгаллаган ўзбеклар учун бугунги кунда атиги учта давлат газетаси ишлайди ва бир телеканал дастурлари қисман ўзбек тилида олиб борилади. Улар “Ўш садоси”, “Янги тонг” ҳамда “Дўстлик” газеталари шунингдек “Интимоқ” (Бирлик) телерадиокомпаниясидир.

Энг кекса нашр ёшарадими?

Ўш вилояти ҳокимлиги нашри бўлган “Ўш садоси” газетаси Қирғизистондаги энг кекса газеталардан бири бўлиб, бу йил ўзининг 90 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида.

Аввалига “Коммунист” номи билан чиқа бошлаган газета, кейинчалик “Пахта учун”, “Қирғизистон ҳақиқати” (республика миқёсидаги газета сифатида Фрунзеда босиларди. – таҳр.) ва “Ленин йўли” номлари билан нашр этилган. Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин, 1992 йилнинг октябрида газета номи “Ўш садоси” деб ўзгартирилган. Шу кунгача нашр вилоят ва республикадаги сиёсий, маданий ва маърифий воқеаларни ёритиб келади.

Қирғизистон Маданият вазирлигининг 2019 йилда вилоятлардаги давлат газета ва телевидениелари фаолиятини оптималлаштириш бўйича олиб борган ислоҳотлари натижасида, “Ўш садоси” газетаси “Интимоқ” медиа маркази қарамоғига ўтказилган. Шундан сўнг ходимлар сони қисқариб, газета нусҳаси кескин озайган. Шунингдек таҳририят идораси ҳам хусусий корхоналарга ижарага бериб юборилган.

Бош муҳаррир Соҳиба Шокированинг сўзларига кўра, “Ўш садоси” бу йил “Интимоқ” медиа маркази қарамоғидан чиққан, бироқ тўла мустақил эмас.

“Яқин кунларда газетанинг юридик ҳужжатлари тайёр бўлади. Аввал таҳририятимиз жойлашган бинони ҳам қайтариб олишга ҳаракат қилаяпмиз. Газета ҳозир ҳафтасига 1100 нусҳада, рангли нашр этиляпти. Чунки “Интимоқ” қарамоғида тартибсиз ишлаганимиз ва тушунмовчиликлар сабаб, раҳбарият газетанинг фақат 1100 нусҳасига пул тўлаяпти”, – дейди Шокирова.

Унинг айтишича, “Интимоқ” билан бирлаштирилгунга қадар газета 2700-3000 нусҳада нашр этилаётганди. Сайловлар даврида унинг кўлами 5000дан 25000 нусҳагача етаётган эди.

“… Ўзбек матбуотининг жамиятга кераги бор экан, чиқариляпти. Бу йил газетамизни яна 3000 нусҳада чиқаришни режалаштиряпмиз”, – дейди суҳбатдошимиз.

Соҳиба Шокирова “Ўш садоси” газетасига 2016 йили бош муҳаррир этиб тайинланган. У газетани ривожлантириш мақсадида қўшни Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳамкасблари ва ёзувчилар уюшмалари билан ҳам ҳамкорлик қилаётганини айтади. Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари матбуоти, Тошкентда чиқадиган “Ўзбекистон овози” газетаси, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журнали ва бошқалар билан ҳамкорлик ҳақида битимлар тузилган.

“Газетамизда илмий мақолалар, дарсликларнинг янгича талқини, ўзбек адабиётидаги янгиликларни бериб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Бу нарсалардан Қирғизистондаги ўзбеклар бохабар бўлишлари керак, деб ўйлайман”, дейди газета бош муқаррири Соҳиба Шокирова.

Жалолобод шаҳрида ўзбек тилида нашр этилаётган «Янги тонг» газетаси 30 йил муқаддам таъсис этилган бўлиб, вилоят маъмуриятининг расмий нашри ҳисобланади. Унда асосан вилоят раҳбарияти бажараётган ишлар ёритиб келинади. Шу билан бирга қизиқарли, оммабоп мақолалари билан минглаб мухлисларининг эътиборини қозонган.

“Жалолобод тонги” номи билан таъсис этилган газета бугунги кунда “Янги тонг” номи билан ҳафтасига 1500-2000 нусҳада чоп этилмоқда. Нашр мухлислар билан тузилган жамоавий шартномалар асосида обуначилар ишлаган ишхона ва муассасаларга етказиб берилади.

Жалолобод шаҳрида ўзбек тилида нашр этилаётган «Жалолобод тонги» газетаси ўз номини «Янги тонг» деб ўзгартиришга мажбур бўлди

Ўқувчилари билан доимий алоқани йўлга қўйган газета саҳифаларида 2013 йилда мамлакатдаги жойлар номлари ва одамларнинг исм-шарифларини қирғиз тилида ёза бошлагани кўпчиликда ўринли эътирозларни уйғотган. Бунинг оқибатида қатор имло хатоларига йўқ қўйила бошлаган эди. Ҳатто газетанинг номи ҳам давлат тилига мослаштириб, «Жалал-Абад тонги» деб ўзгартирилган.

Таҳририят бу аҳволни вилоят ҳокимлиги ва давлат тили комиссиясининг талаблари сабабли юзага келганини маълум қилган. Вилоят ҳокимлиги эса буни давлат тили ҳақидаги қонун талаблари асосида амалга оширилаётганини айтган. Кейинроқ газета номи нейтрал ёзилиш имкони бўлиши учун “Янги тонг” деб ўзгартирилди.

Бу газета ҳам вилоят миқёсида тузилган давлат медиа марказига бириктирилиб, молиялаштириш ўша ташкилот орқали амалга оширилади. Бу ерда ҳам ҳозир газетани яна мустақил чиқара бошлаш масаласи қаралмоқда. Кўпчилик журналистларнинг фикрича, вилоятлардаги давлат газеталари ва телеканалларни битта давлат ташкилотига бириктириш ғояси ўзини оқламаган.

Ўш вилояти Аравон туманида “Дўстлик” газетаси ҳар ҳафта 1100 нусҳада, оқ-қора рангда нашр қилиняпти. Маъсул котиб Шуҳрат Ҳожиевнинг айтишича, 4 бетдан иборат газета 1991 йилда туман маъмурияти қошида очилган бўлсада, доим ўзини-ўзи молиялаб келган. Таҳририятда 4 ходим ишлайди. Газета фақат обуначиларига етказилади. Обунадан тушган пулга газета чиқариш тобора қийинлашиб боряпти.

Бош муҳаррир 5500 сўм ($55) маош олса, унинг ўринбосари – 4500 сўм, ҳисобчи 4000 ва оператор 3000 сўм олишини ҳисобга олсак, нашр аталган 4 ходимнинг фидоийлиги туфайлигина чиқиб турганига амин бўласиз. Газетани обуначиларга элтиб берувчи одамлар қилган ишига яраша ҳақ олади.

“Давлат тарафидан ҳеч қандай моддий қўллов йўқ. Фақат газета расман туман маъмурияти қарамоғида бўлиб, унинг биносида бепул ўтирганимиз эвазига маъмуриятнинг расмий маълумотларини газетамизда чоп қиламиз”, – дейди Ҳожиев.

Тўла ижодий эркинлик зарур

Ўш шаҳрида жойлашган “Интимоқ” (Бирлик) телерадиокомпанияси қирғиз ва ўзбек тилларида янгилик ва дастурларни тайёрлаб эфирга узатади.

Қирғизистон ҳукумати қарори билан 2011 йилнинг декабрида Ўш шаҳрида ташкил этилган телерадиокомпаниянинг асосий мақсади, 2010 йилнинг июнида мамлакат жанубида юз берган миллатлараро можаро натижасида ўрталарига совуқлик тушган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги муносабатларни тиклаш, бу муносабатларни яхшилаб, миллатлараро уйғунликни таъминлаш, маданиятлараро алоқаларни яхшилаш, жамиятнинг тўғри ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида ярим соатлик қирғиз ва ўзбек тилларидаги дастурлар Ўшдаги “Алмаз” радиоси орқали эфирга узатилиб турган. 2012 йилнинг августидан бошлаб эса, «Интимоқ» FM тўлқинида эшиттиришлари қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ҳар куни эфирга узатиладиган тўлақонли радиога айланган. Кейинчалик эса телевидение ҳам ўз ишини бошлаган.

“Интимоқ” давлат лойиҳаси ҳисобланиб, қисман бюджетдан молиялаштирилади ва халқаро донор ташкилотлар грантлари асосида фаолият олиб боради.

Йилдан йилга давлат молияси ва донор ташкилотлар грантларининг озайиб бориши сабабли телерадиокомпания дастурлари сони кескин қисқарган ва бу ходимларнинг ҳам озайишига олиб келган. Айниқса ўзбек бўлими журналистлари саноқли қолган.

Масалан, телекомпания очилганда унда 105 ходим бўлиб, улардан 15 нафари ўзбек бўлган. Бугунги кунда бу ерда қолган 39 ходимнинг 13 нафари ўзбеклар.

Шунингдек, моддий етишмовчилик сабаб уч тилда ишлаб келган www.yntymak.kg сайтининг ўзбек ва рус саҳифалари ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Бугунги кунда сайтга хабарлар фақат қирғиз тилида жойланмоқда.

Бугунги кунда компаниянинг янгиликлар дастурида ўзбек тили имлосига зид кўплаган хатоликларни кўриш мумкин. Янгиликларда респондентларнинг исм-шарифлари, ўзбек алифбосида бўлмаган “ы” ҳарфи билан ёзилади. Шунингдек, янгиликлар дастури номи ҳам қирғиз тилида “Кабарлар” деб ёзилади, гарчи ўзбек тилида “Хабарлар” ёки “Янгиликлар” дея номлаш мумкин бўлсада.

Бундан ташқари, ўзбек тилидаги янгиликларда рус ёки қирғиз тилидаги суҳбатлар таржима қилинмайди. Бу талаблар 2018 йил бошидан қўйила бошлаган. Лекин бунгача ҳам ўзбек журналистлари матн ва кўрсатувларида ўзбек тилида ўрнини босувчи сўз бўлса-да, рус ёки қирғиз сўзларини мажбуран ишлатиб келишган эди. Масалан, “вазир” сўзини “министр”, “туман” – “район” , “вилоят” – “область” ва “ҳарорат” сўзи “температура” деб ёзилар эди. Ўзбек тили имлосининг бундай қўпол равишда бузилиши каби айрим хатоликлар ҳозир ҳам телевидение фаолиятида кузатилади.

Томошабинларнинг бу ҳақдаги эътирозларига ижодкор ходимлар шундай қилишга мажбур бўлишаётганини айтишади.

“Янгилик дастурларимизда респондентларнинг исм-шарифларини қирғизча ёзардик. Айрим сўзларни рус ёки қирғизчада ёзиб, айтишга мажбурмиз. Сўзларнинг ўзбекчасини ишлатайлик деб, неча маротаба раҳбариятга айтганмиз, фойдаси бщлмади. Гўёки бу умумий, ҳамма тушунадиган сўзлар эмиш”, дейди исми сир қолишини сўраган собиқ ҳодим.

Бу муаммолар ҳақида 2018 йили “Америка Овози” нашрида материал чиққан. Шундан кейин телеканал раҳбари норози бўлиб, муаллифга ва менга таҳдид ҳам қилган, бироқ учрашиб, муммони муҳокама қилишдан бош тортган. Бу масалада тегишли ташкилотларга қилинган мурожаатлар ҳам натижа бермаган.

Бу масала таҳририятнинг ички сиёсати экани, унга ташқаридан кимнингдир аралашувига йўл берилмаслиги ҳақидаги бахона билан, ўзбек тилидаги дастурлар сифатини яхшилаш мақсадида айтилаёган таклифлар рад этилмоқда.

Мустақил журнал ва интернет нашрлари

Бугунги кунда Қирғизистонда 2020 йилдаги пандемиягача нашр қилинган “Ахборот” мустақил газетаси журнал сифатида, уч ойда бир марта чоп этилади. У ижтимоий бадиий, илмий нашр бўлиб, 52 бетдан иборат рангли альманах шаклида, 650 нусҳада Ўш шаҳрида нашр қилинади.

“Журналимизнинг мундарижаси асосан адабиётга оид янгиликлардан, янги чиққан китоблар, илмий мақолалардан иборат бўлиб, унда таржималар, жаҳон адабиётидан ва ёш қаламкашлар ижодидан намуналар ҳам бериб борилади. Шунингдек, унда Ўзбекистон ва Тожикистонда ижод қилаётган инсонлар ҳақида маълумотлар, у ердаги адабиёт, янги чиққан нашрлар ҳақидаги янгиликлар, илмий мақолалар ҳам жой олган” – дейди журнал бош муҳаррири Барно Исоқова.

Журнал обуначиларга элтиб бериш хизмати орқали етказилади.

Ўзбек тилидаги ахборот майдонини бугун www.oqbura.orgwww.uz.kloop.kg ва www.uzpress.kg каби мустақил интернет нашрлари ҳам баҳоли қудрат тўлдириб турибди. Улар республикада, дунё ва минтақада юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни ёритиб келишади.

Ўзбек матбуоти ўтмишига бир назар

Республика жанубида оммабоп ва нуфузли бўлган “ЎшТВ”, “МезонТВ”, “ДДД” телеканаллари, “Дийдор” ва “Мезон” газеталари 2010 йилнинг июнида юз берган этник низо ортидан, турли тазйиқ ва журналистлар ҳаётига таҳдидлар туфайли ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишган.

Бу йирик медиа ташкилотлар раҳбарлари Ҳалилжон Худойбердиев, Жавлон Мирзахўжаев ва Улуғбек Абдусаломовлар, шунингдек айрим журналистлар хориждан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлишган.

Ўзининг бой тарихига эга ушбу телевидение ва газеталар қонли воқеаларгача ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида, қолаверса, аҳоли билан ҳокимият ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келган эди. Ундан ҳам аввалроқ ўтган тарихга назар ташласак, юқорида аталган “Ленин йўли” газетаси совет даврида кунига (!) 45 минг нусҳагача чиқиб турган. Ваҳоланки, у пайтлар ўзбек аҳолиси сони ҳозиргидан анча кам бўлган.

Қонли воқеалардан кейин халқаро ташкилотлар кўмагида ўзбек аҳолисини маълумот билан таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилган. Лойиҳа доирасида “Биз”, “Данек”, “Олам”, “Уйингизга тинчлик” газета ва варақчалари нашр қилинган. “7 канал” ва “Нур” телевидениеларида ўзбек тилида янгилик дастурлари тайёрланиб, эфирга узатилган. Бироқ моддий кўмакнинг чеклангани сабаб ушбу лойиҳалар фаолияти тўхтаб қолган.

Ўзбек тилидаги “Озодлик”, “Америка овози” ва Би-Би-Си халқаро медиа корпорацияларининг кундалик дастурларида ҳам бугун қирғизистонлик ўзбеклар ҳаётига оид хабарлар кам учрайди. Шу сабабли бугунги кунда қирғизистонлик ўзбеклар учун тезкор ва сифатли маълумот етказувчи мустақил, замонавий ўзбек матбуоти керак, деб ҳисоблаганлар сони ортиб бормоқда. Улардан бири ўшлик Соҳибжон Мамиров.

“Қирғизистонда яшаётган сал кам бир миллионга яқин ўзбеклар ҳозир фақат Ўзбекистон каналларини кўришяпти, яъни қўшни давлат хабарларини олишяпти. Қирғизистондаги хабарларни эса ижтимоий тармоқлар орқали бошқа тилларда олади. Сабаби, Қирғизистондаги ўзбек матбуотининг сифати яхши эмас. Бизга тезкор ва сифатли ахборот етказиб турувчи мустақил, замонавий ўзбек матбуоти зарур”, – дейди Соҳибжон Мамиров.

Минтақа ахборот майдонида ўз ўрнига эга бўлиб келаётган “Оқбура” нашрининг муҳаррири Абдумўмин Мамараимовнинг айтишича, Қирғизистон матбуотидаги энг долзарб муаммо – кадрлар масаласи.

“Ўзбек тилидаги матбуотнинг мавқеини тиклаш учун янгича фикрлайдиган, чаққон ва ўқишга, ўсишга интилувчан кадрларни тайёрлашимиз керак. Тез орада бу масалани ҳал қилмасак, ўзбек матбуоти, журналистикаси ўз-ўзидан йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Масалан, Жалолободда чиқувчи “Янги тонг” газетасининг 6 ходимидан 5 нафари пенсияда. Вилоятда уларнинг ўрнини босиши мумкин бўлган ёшларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмаяпти”, – дейди Абдумўмин Мамараимов.

Мамараимовнинг айтишича, бу муаммони ҳал қилиш учун яқинда “Оқбура” сайти қошида Ўзбек журналистика мактаби ташкил қилинди. Мактаб фаолияти доирасида Қирғизистондаги ижодкорлар орасидан соҳага қизиққанлар танлаб олиниб, онлайн ўқишлар ташкил қилинмоқда. Мактаб иштирокчилари амалий ишга тортилиб, тайёрлаган мақолалари сайтда чоп этилмоқда. Уларга ҳатто озроқ қалам ҳақини тўлаш ҳам қаралган.

“Масала жуда жиддий, иш кўпдан кўра кўпроқ, – дейди суҳбатдошимиз. – Шукрки, уни ҳал қилишга интилган олиҳиммат юртдошларимиз йўқ эмас экан. Ҳозирча уларнинг кучи билан иш бошладик ва тез орада янги номлар кашф этдик. Насиб қилса, тез орада Қирғизистондаги ўзбек матбуоти яна қаддини тиклаб олади, деган ишончдаман”.

Расмий маълумотларга кўра Қирғизистондаги ўзбеклар сони миллионга яқинлашиб қолди. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади. Ўзбеклар мамлакатнинг туб аҳолиси бўлиб, сони жиҳатидан қирғизлардан кейин иккинчи ўринда турадиган йирик этник гуруҳ. Улар асосан республиканинг жанубий вилоятлари Ўш, Жалолобод ва Боткенда, қисман Бишкекка яқин Тўқмоқ шаҳрида ҳамда Иссиқкўл вилояти маркази Қорақўл шаҳрида истиқомат қилишади.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ