Қирғизистондан ўз ватанига экстрадиция қилинган икки тожикистонлик учун жазо енгиллаштирилиши мумкин

Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистонда ҚР Жиноят кодексининг «Тинчликка қарши жиноятлар» ва «Талончилик» моддалари бўйича судланган ушбу давлат фуқаролари Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусовлар иши бўйича ҳозирча хулоса чиқармаган.

«Озоди» радиосининг аноним манбаларга таяниб ёзишича, бош назорат органи яқин кунларда бир қарорга келиши керак. Шу билан бирга, адвокат Жамшед Ёров нашрга берган интервьюсида “халқаро ва ички қонунчиликка мувофиқ Тожикистон прокуратураси ва суди иккала ишни ҳам кўриб чиқиши ва, эҳтимол, уларнинг жазо муддатини қисқартиришини” таъкидлади.

«Озоди» “Тожикистон президенти маҳкумларнинг яқинларининг мурожаати асосида уларни афв этиши” мумкинлигини ҳам истисно этмайди. Қайд этилишича, Абдурозик Абдуқаҳҳоровнинг рафиқаси Наргис Жабборова 16 июнь куни маҳкумлар Бишкекдан олиб кетилган Хўжанддаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида турмуш ўртоғи билан учрашишга муваффақ бўлган. “Тегишли органлар ҳаракат қилган бўлсада, аввалига уларнинг жазоси енгиллаштирилиб, кейин Тожикистонга ўтказилишига ишонмадик. Энди уларга нисбатан ижобий хулоса чиқарилади, деган умиддамиз”, — деди у ва яқинлар ҳозирда керакли ҳужжатларни тайёрламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Озоди» радиоси Тожикистоннинг Сўғд вилояти прокуратурасидаги аноним манбасига таяниб, Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусовлар жазони давом эттириш учун 7 июнь куни ўз ватанларига олиб кетилгани ҳақида хабар берган эди.

Қирғизистон Республикасининг расмий органлари бу маълумотга изоҳ бермаяпти.

Ҳар икки тожикистонлик ҳам Лейлек туман суди томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Тинчликка қарши жиноятлар» ва «Талончилик» моддалари бўйича айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо 2021 йил декабрида Боткен вилоят суди жазони енгиллаштириб, уларни 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирди.

Озодийнинг ёзишича, Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусов Тожикистон фуқаролари, лекин Қирғизистоннинг Тожикистон ҳудудидан йўл рўпарасида жойлашган Борбордук қишлоғида истиқомат қилишади. Улар ўтган йилнинг баҳорида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган қуролли можародан сўнг қўлга олинган. Ўшанда Қирғизистон томонидан 154 киши яраланган, 36 фуқаро, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган.

Бу тўқнашувдан сўнг қўшни давлат фуқароларини ушлаб, жавобгарликка тортиш ҳолатлари ҳар икки томонда ҳам тез-тез учраган. Хуллас, февраль ойи ўрталарида Тожикистонда 2021 йилда Қирғизистоннинг 39 нафар фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтиш вақтида қўлга олингани, улар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ