Иссиқкўл бўйидан Назарбоев ҳайкали олиб ташланди

Иссиқкўл бўйида жойлашган “Рух Oрдо” маданият маркази ҳудудидан Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ҳайкали олиб ташланди, дея хабар қилди KaktusMedia нашри.

Айтилишича, ҳайкал олиб ташланганига бир йилдан ошган, чунки ўтган йилнинг иккинчи ярмида дам олишга келганлар томонидан суратга олинган видеоларда у кўринмаган.

Қирғизистон президенти маъмурияти ҳайкал демонтаж қилинганига доир маълумотга изоҳ берганича йўқ.

Иссиқкўл бўйида Назарбоев ҳайкали 2005 йилда – у 65 ёшга тўлиши муносабати билан ўрнатилган эди.

Назарбоев ҳайкали ғойиб бўлганига оид хабар Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Чўлпонота шаҳридаги норасмий учрашувидан бир кун ўтиб чиққан.

Қозоғистонда мамлакат пойтахти, аэропорт, кўчалар, университет ва мактаблар Нурсултон Назарбоев номи билан аталади. Шунингдек, собиқ президентга атаб кўп ҳайкаллар ўрнатилган. Кўплаб қозоғистонликлар пойтахт ва бошқа объектлар номини ўзгартиришни талаб қилади, ҳатто бу талаб билан петиция ҳам ташкил қилинган.

Январь воқеалари чоғида Толдиқўрғонда Назарбоев ҳайкали қулатилган эди.

Январь воқеаларидан сўнг Қозоғистонда собиқ президентнинг мамлакат бошқарувига таъсирини камайтиришга чақириқлар бўлган. 5 июнь куни мамлакатда Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказилган, унда, жумладан, Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзоларига дахлсизлик ҳуқуқини берувчи қонун бекор қилинган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ