Маъмуржон Шокиров: “Андижон полькаси” – дадамнинг мусиқаси”

Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз бастакор, журналист ва ишбилармон миллатдошимиз Маъмуржон Шокировдир.

– Ҳожи ака, келинг, суҳбатимизни талабалик йилларингизни эслашдан бошласак.

– Эллик ёшга қадам қўяётган одам учун озгина бачканароққа ўхшаб туюлса ҳам, бир нарсани айтиб бермоқчиман. Қисқаси, мактабда ўқиб юрган пайтимизда бир қиз бўларди. Шу қизни яхши кўриб қолганман. У (яхши кўришга хали ақли етмасмиди, бизнинг пайтимизда анча соддалик яхшийди) бизнинг муҳаббатга жавоб берган эмас. Мен шунда, Худо хоҳласа, Тошкентга бориб, ўзим ансамбл қилиб (қаранг орзуни) ансамблда битта ашулачи қизни тарбиялаб, республикага танитиб, ўша қизга уйланаман, деб ўзимга мақсад қилиб олганман. Кейин Оллоҳ насиб қилиб, Тошкент Маданият институтига кирдик, ўша ерда “Нилуфар”, деган ансамбл ташкил қилдик.

Ансамбл билан кўпроқ “Санъат ғунчалари” кўрсатувида созандалик қилардик.

Телевидение дегани – сизни одамлар кўраяпти, сиз одамлар орасида секин-секин (жуда машҳурлик даражасида бўлмаса-да) танила бошлаяпсиз, дегани-да. Кейин ансамблимизга кўп-кўп қизлар-йигитлар кела бошлашди. Ўшаларнинг ичидан Оллоҳ насиб қилиб, биттаси танланди-да, ўшанга қўшиқ ўргата бошладим. Ва ўша пайтнинг обрўли ташвиқот гуруҳи билан Ўзбекистон бўйлаб, сафарларимиз бошланди.

– Демак, ниятингизга етиб, Тошкентга бордингиз. Ансамбл ташкил этдингиз… бояги асосий мақсадчи?

– Ҳалиги мен қўшиқ ўргатаётган қиз ҳам танила бошлади (ўша бояги мақсад-да, энди унинг ичига ростакам муҳаббат, севги ҳам аралашди шекилли) яхши-яхши қўшиқлар қилдик, телевидениеларда чиқдик, конкурсларга қатнашдик, яхши ўринларни олдик. Шундай қилиб юриб, университетни битириб олдик. Биз битиргандан кейин Дилоромхонлар битирдилар. 1979 йили Дилоромхон (Дилоромхон Соипова – бугун Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист – таҳририят ) билан тўйимиз бўлди.

– Болалигимизда бир қўшиқ бўларди, “Ойижоним яхшилар”, деган. Эшитишимча, мана шу қўшиқ мусиқасини сиз басталаган экансиз. Бундан ташқари яна қандай қўшиқлар ёзгансиз?

– Ҳофиз Ҳамидулло Матхолиқов айтганларидан “Ўшлигим менинг”, “Кўзингни олиб қочма”, деган қўшиқ бор, у ўзининг даврида жуда ҳам хит бўлиб кетган. Дилоромхон айтган қўшиқларнинг 99 фоизи меники, қолганлари халқ қўшиқлари. Нуриддин Ҳамроқулов ижро этган нафақат Ўзбекистонда, балким ўзбек тилида сўзловчилар бор мамлакатларнинг ҳаммасида тарқалган “Бепарво санам” деб номланган қўшиқ, яна Нуриддин ака айтган “Ташна қизлар” ҳам меники… раҳматли Муҳриддин Холиқов ижро этган ўша “Ойижоним яхшилар” каби қўшиқларни ёзганман.

– Сизнинг акаларингиз Муҳаммаджон (Муҳаммад Гармон), Зокиржон акалар ҳам анча машҳур созандалар. Санъаткорлик қонда борми дейман…

– Аввало дадамиз, қолаверса аямиз иккаласи ҳам санъаткор бўлишган. Дадамни одамлар жуда қаттиқ ҳурмат қилган. Дадам жуда кўп қўшиқларнинг муаллифи, жуда кўплаган хонандалар, актёрларнинг устози саналади. Ундан кейин ҳаммага машҳур “Андижон полькаси” ҳам менинг дадамнинг ижоди…

– Зўр-ку! Унда нимага “Андижон полькаси” дейилади?

– Андижонда Ўшнинг декадаси бўлган экан (олдин жуда кўп шунақа декадалар – ўн кунликлар бўлиб турган экан). Шу декада учун Қирғизистон халқ артисти раҳматли Розияхон Мўминова “Эркакча рақс” қўйиб, дадам унинг мусиқасини ёзиб берган. Кейин номини қандай атаймиз деганда, келинглар, мана шуни андижонликларга туҳфа қилиб, “Андижон полькаси” деб қўя қоламиз, дейишган экан-да, шундан кейин мусиқанинг номи “Андижон полькаси” бўлиб қолган экан. Баъзи маълумотларда буни Ориф Гармонники деб кўришади, халқники дейишади, лекин асли бу менинг дадамнинг мусиқаси бўлади.

– Бугунги Ўш санъати, ёш санъаткорларнинг ижоди ҳақида, умуман бугунги ёшлар маданияти-манавияти ҳақида фикрингизни билмоқчийдим.

– Ҳозир, биласизми, бу халқнинг катта муаммосидан алоҳида ажратиб гапириладиган муаммо эмасда… Ҳозир Қирғизистондаги ўзбек тили ва маданияти, санъати бироз… инқироз демайман, ҳали инқирозга етгани йўқ. Бироз турғунлик ҳолатида бўлиб қолди. Бунга сабаб… қаранг-да, ўзбекистонлик санъаткорларни агар эшитсангиз, унинг “рэп” айтадиганига ҳам мана бу ёққа ўтиб “Гулзорим”ни айтиб бер десангиз, айтиб бера олади-да… У ерда классикани билмаган қўшиқчи қўшиқчимас. Бизда бўлса одамларга “ширпотреб” керак, хитойнинг молларига ўхшаган. Ўшанга ўхшаган қўшиқларимиз кўпайиб кетаяпти-да! Бугун эшитасиз, жуда ҳам зўр… эртага эса эсдан чиқади, кейингиликка қолмайди. Йўқмас, бор… Бу ерда битта-иккита санъаткорларимиз бор. Лекин “ёлғиз отнинг чанги чиқмас” дегандек, санъаткорларимизнинг қилаётган уринишлари узоққа етолмаяпти.

– Уларнинг кўплари ўзи айтаётган сўзни ўзлари тушунишмайди. “Аё, соқий”ни “Аёл соқий” деб айтаётган қўшиқчиларни кўп учратдим.

– Ҳа, ҳозир ўзбек тилини тушунадиган ўзбек ёшлари камайиб кетди.

– Телевидение соҳасида қачон, қандай иш бошладингиз?

– Телевидение соҳасида ишимиз биринчи шундан бошланган, ёдимда: биз тўрт киши – Умаржон Олимжонов (театрда яхши актёр эди), Александр Наимович (биздан олдинроқ “Ўш ТВ”да ишлаган йигит), Петр Прахалелко деган йигит ва мен маслаҳатлашиб, 1992 йили “Ўш ТВни” ижарага олиб ишлай бошладик.

“Ўш ТВ”ни у пайтда жуда катта доирадаги одамлар кўришарди. Конибодомда, Ленинободда юрганимизда ҳам, мана булар  “Ўш ТВ”да ишлайди, деб бизни кўрсатишарди. “ЎшТВ”нинг обрўси анча катта эди. Ҳозир ҳам Худога шукур, ёмонмас.

– Кўпчилик биладики, сиз “Мезон ТВ” асосчиларидан бирисиз…

– “ЎшТВ”да 1996 йилнинг мартигача ишладик, кейин Халиллулло ака энди шартномани тугатамиз, сизга директор ўринбосарлигини берамиз, деб таклиф қилди. Улар ҳам ёмон қилгани йўқ, тўғри гапни айтишди. Энг ёмон кўрганим ўринбосарлик, шунинг учун, йўқ, ишламайман дедим… Кейин бу орада “Мезон” газетаси чиқиб қолди. Жуда ҳам ҳавас қилдим. Бошида “даҳшатли” газета чиққан ва унинг ичида тўпланган йигитлар мен ҳавас қиладиган, ўғлим катта бўлса шуларга ўхшасин, дейдиган йигитлар эди. У ерда Ҳотамжон Ёқубов, Элмуроджон, Аъзамжон, Ҳакимжон каби ўшлик зиёли ёшларнинг эн қаймоқлари тўпланган эди. Ўшандан кейин мен “Мезон” телевидениесини ташкил қилишнинг иложи йўқмикан, дедим-да, (Даврон ака билан унча яқинмас эдим) шунинг учун Элмурод Юсуфга айтдим:

Элмурод, бир гаплашиб кўрмайсизми? Балки телевидение ҳам қилармиз, десам Даврон ака Собиров бу таклифни жуда ҳам яхши қабул қилибди. Бўпти, қилинглар, мен ёрдам бераман деди. Шу билан 1996 йилнинг декабрь ойидан “Мезон ТВ”нинг ҳаракати бошланди. “Мезон ТВ” ҳужжатларини тайёрлашда ҳозирги аёллар конггресининг раисаси Каромат опа Абдуллаеванинг ҳам катта ёрдами теккан. Секин-аста, иқтисодий қийинчиликлардан кейин “Мезон ТВ” ҳам оёққа тура бошлади.

– Мана бугун сиз бошқараётган “DDD” телестудияси жанубий Қирғизистон ёшлари ўртасида анча оммавийлашиб қолди. Бу ердаги ишлар қандай кечяпти?

– Бугун “DDD” (Дўстлик, Достук, Дружба) ўзининг номини оқлашга ҳаракат қиляпти. Ҳозир бизда бир кўрсатувнинг ўзи бирданига ўзбекча, қирғизча ва рус тилларида кетади. Бунинг натижаси ўлароқ Оллоҳга шукур, Қирғизистоннинг энг яхши ёш эстрада қўшиқчилари клипларини бизда тайёрлаяптилар. Бу биздаги муҳитнинг соғломлигидан бўлса керак.

– Яна бир саволим бугунги жамиятимиздаги сизнинг юрагингизни оғритаётган нарсалар ҳақида.

– Биласизми, афсуски, қирғизистонлик ўзбеклар ҳозир олдингига нисбатан анча лоқайд бўлиб қолишган. Қирғизистонда қанча революциялар бўлди, ҳукуматлар алмашди. Ҳар йили нималардир бўляпти. Биз бўлсак, фақатгина “ўз кўмочимизга ўзимиз кул тортиш” билан овворамиз… Бу давлат, бу мамалакат ҳаммамизники! Агар биз шунақа лоқайд бўлаверадиган бўлсак, бошқалар ҳам айтади, буларга давлатнинг кераги йўқ экан, “квартирант” бўлса ҳам бўлаверади, деб.

Ота-оналаримиз фарзандларини яхши билимли бўлади, зўр бўлади деб русча мактабларга бера бошлашди. Фарзанди учун чиндан ҳам яхши бўлар, лекин кейинчалик халққа нима бўлади?! Ҳамма болаларимиз русча мактабларга кириб кетса, ўзбекча мактаблар, ўзбек мактаби бўлмагандан кейин ўзбек тилининг ҳеч кимга кераги йўқ бўлиб қолади. Ҳозир тилимизни энг асосий ушлаб турган жой бу – мактабларимиз.

– Нима бўлганда ҳам ўзбекмиз. Биров ўзбек “ундай”, ўзбек “бундай” деса, тўғриси менинг аччиғим чиқади. Лекин, назаримда бугунги ўзбек (албатта ҳамма ҳам эмас) қорнидан бошқасини ўйламайдиган, дабдабага ўч… миллатга айланаётгандек…

– Биласизми, бу ўзбек халқининг қонида бор нарса, биз бошқа халқларга ўхшаб дангал гапира олмаймиз! Бир нарсага эътибор берганмисиз? Биз Миррахимов ўзбек, Солижон Шарипов ўзбек деб мақтанамиз-а, ўйлаб кўринг, балким рус мактабида ўқимасдан доимо ўзбеклар билан мулоқотда бўлганда, балким улар ҳам Шарипов ёки Миррахимов бўлмаган бўлиши мумкин эди.

Энди ҳаётлар ўзгаряпти, тузумлар ўзгаряпти, бизнинг халқ ҳам озгина ўзгариши керакмикан, деб ўйлайман.Тавозечиликдан озгина қутулиб, албатта ёнимизда яшаётган қирғиз халқидан бу ўринда ўрнак олсак бўлмайдими?!

УШБУ СУҲБАТНИ МАРҲУМ ЖУРНАЛИСТ АЛИШЕР СОИПОВ, 2007 ЙИЛИ ЎЗИНИНГ “СИЁСАТ” ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТГАН

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ