Қозоғистон президенти Асқар Акаевни қабул қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев 23 июнь куни Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаевни қабул қилди. Бу ҳақда Озодликка Акаевнинг яқин сафдоши, жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков хабар берди.

Унга кўра, Асқар Акаев Олмаотада уч кун бўлган, шундан сўнг Қозоғистон пойтахтига учиб кетган ва у ерда Тўқаев билан учрашган. Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати учрашув ҳақида расман хабар бермади, бироқ бир қатор қозоқ оммавий ахборот воситалари Тўқаевнинг Акаев ҳамда унинг рафиқаси Майрам Акаева билан тушган суратларини чоп этиш орқали маълумотни тасдиқлади.

19 июнь куни Асқар Акаев Россия Фанлар академияси академиги, Ломоносов номидаги Москва давлат университети қошидаги Мураккаб тизимларни математик тадқиқотлар институти бош илмий ходими сифатида Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университетида маъруза қилди.

Акаев 1991—2005 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2005 йил 24 мартда Лола инқилоби пайтида у истеъфога чиқди ва Москвадан сиёсий бошпана олди.

2021 йилда Асқар Акаев Қирғизистонга икки марта – Қирғизистондаги йирик олтин кони «Қумтор» иши бўйича тергов доирасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилиш учун бўлган, шундан сўнг у Москвага қайтган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўшанда Асқар Акаевга янги айбловлар – 1992 йилда Самесо компанияси билан бош битим тузиш ва 2003 йилда Қумтор лойиҳасини қайта ташкил этиш эпизодлари бўйича айблангани ҳақида хабар берган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “у юқоридаги жиноятларни содир этишда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганини ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилаётганини, унинг мамлакатдан ташқарига чиқиб кетиши, шунингдек, Бишкекга келиши терговчи билан олдиндан келишилганини” маълум қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ