Президент: Қирғизистонда фавқулотда вазият тартиби узайтирилади

Бишкек, Жалолобод, Ўш шаҳарлари ва Норин вилоятининг Отбоши туман ҳудудида эълон қилинган фавқулотда ҳолат тартиби бекор қилиниб, бутун мамлакат бўйлаб фавқулотда вазият муддати узайтирилади.

Бу ҳақда  президент Сўўрўнбай Жээнбеков 9-май, Ғалаба кунига бағишланган 8-майдаги мурожаатида маълум қилди.

«Фавқулотда ҳолат тартиби олинса ҳам, ҳар биримиздан мустаҳкам тартибга риоя қилиб, санитар-гигиена қоидаларига амал қилиш талаб қилинади. Корхоналар иши жонланиб, борди-келди тикланганда ҳам бу қоидаларга амал қилишга мажбурмиз. Жамиятимизнинг соғлиғи учун давлат масъул. Аммо вабони тарқалиб кетишига йўл бермаслик учун ҳукумат билан бирга ҳар бир фуқаро ҳам ўз маъсулиятини ҳис қилиши зарур. Ихтиёрий жавобгарлик аввалгидан ҳам кучли бўлиши лозим», – дея таъкидлади президент ўз нутқида.

Шунингдек Президент шу кунгача тартибга риоя қилиб, тиббиёт қоидаларига амал қилгани учун барча қирғизистонликларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди. Ушбу ҳаракатлар бундан кейин ҳам мамлакат ҳудудида мустаҳкам тартиб ва бирдамлик билан давом этишини таъкидлади.

Тожливирус пандемияси сабабли Қирғизистонда 22-мартдан бошлаб фавқулотда вазият эълон қилинган. 25-мартдан эса касал кенг тарқала бошлаган Бишкек, Жалолобод, Ўш шаҳарлари, Қорасув, Новқат, Сузоқ туманларида фавқулотда ҳолат жорий қилиниб, аҳоли кучайтирилган тартиб асосида  ҳаёт кечира бошлаган. 

Президентнинг фармони билан 15-апрелдан бошлаб фавқулотда ҳолат тартиби эълон қилинган ҳудудларга Норин шаҳри билан Отбоши тумани қўшилган. 28-апрелдан бошлаб эса Норин шаҳри, Қорасув,  Новқат ва Сузоқ туманлари фавқулотда ҳолат тартиби бекор қилинган.

Бишкек, Жалолобод, Ўш шаҳарларида ва Норин вилоятининг Отбоши туманида фавқулотда ҳолат муддати 10-майгача узайтирилган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ