Сенат Қирғизистон билан чегара бўйича битимларни ратификация қилди

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида чегаранинг алоҳида участкалари тўғрисидаги битимни ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни маъқуллади.

Ўзбекистон Республикаси парламентининг 100 нафар сенатордан иборат юқори палатаси мазкур ҳужжатларни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси Равшанбек Алимов маъруза қилди. Унинг қайд этишича, Кампиробод сув омбори Ўзбекистон учун стратегик муҳим объект бўлиб, чегара шартномаси Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли масалаларга нуқта қўяди.

Сенат спикери Танзила Нарбаеванинг айтишича, чегара шартномаси икки давлат ўртасида кўп йиллардан буён тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилади.

Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси 14 ноябрь куни келишувларни маъқуллади.

17 ноябрь куни Қирғизистон Жогорғу Кенеши қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини бирданига учта ўқишда овозга қўйди. Ҳужжатни 64 депутат қўллаб-қувватлади, 19 нафари қарши овоз берди.

Шунингдек, депутатлар уч ўқишда Ўзбекистон билан Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни қўллаб-қувватладилар.

Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги битим ва Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим Қирғизистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари томонидан 3 ноябрь куни Бишкекда имзоланган.

Кампиробод сув омборини кўчиришга қарши чиққан Қирғизистон сиёсатчилари ва фаоллари “оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда” гумондор деб топилди. Бу иш бўйича жами 26 киши ҳибсга олинган. Уларнинг ўзлари жиноий таъқиб қилишни Кампиробод сув омбори бўйича тутган позицияси ва уни ҳимоя қилиш қўмитасининг тузилгани билан боғлайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ