Тўқаев: Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС-1 Марказий Осиё давлатларининг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлайди

Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев 21 июль куни Қирғизистон Республикаси Иссиқкўл вилояти Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV Маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Шу билан бирга, у “Қозоғистон трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан ўзаро манфаатли фойдаланиш бўйича қўшма гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида аҳамият беришини” таъкидлади. “Шу доирада Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси фаол муҳокама қилинмоқда. Кеча биз уч президент [Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон] бу масалани муҳокама қилдик. Менимча, биз дастлабки, аниқ ва жуда фойдали келишувларга эришдик”, — деди Тўқаев.

Давлат раҳбарларининг бир кун аввал эришган келишувлари юзасидан батафсил маълумот ва изоҳлар йўқ. Бироқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз нутқида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг лойиҳадаги сармоявий иштирокини олқишлади.

Эслатиб ўтамиз, салкам 40 йиллик муҳокамалар ва муваффақиятсиз уринишлардан сўнг Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 қурилишини бошлаганини эълон қилган эди.

У Тўқтўғул ГЭСидан кўра кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарадиган энг йирик станцияга айланиши керак. 2021 йил март ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон ушбу ГЭС лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга қарор қилгани, шу йилнинг май ойида эса Қасим-Жўмарт Тўқаев қўшма қурилишга қизиқиш билдиргани хабар қилинган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ